Қашқадарё вилоятида ўтган 9 ойда содир бўлган 369 та йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 181 киши вафот этган, улардан 31 нафари вояга етмаган болалар. Бу ҳақда Қарши шаҳар ЙҲХБ ахборот хизмати инспектори Аҳрор Усмоновга таяниб Daryo хабар берди.

«Мазкур йўл-транспорт воқеалари сабаб вафот этган 181 кишининг 31 нафари ёш бола бўлган. Шунингдек, ЙТҲларда 45 бола тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган», — дейди Daryo мухбири билан суҳбатлашган масъуллар.

Қайд этилишича, вилоят ҳудудида содир бўлган ЙТҲларнинг 145 таси пиёдани уриб юбориш, 114 таси машиналар тўқнашуви, 31 таси велосипед ҳайдовчисини уриб юбориш, 26 таси тўсиққа урилиш, 44 таси ағдарилиш, 5 таси тўхтаб турган транспорт воситасига урилиш, 1 таси ҳайвонни, 2 тасида от аравани уриб юбориш билан боғлиқ бўлган.

«Вилоят ҳудудида содир бўлган ЙТҲларнинг 37 таси пиёдаларнинг айби билан, яъни пиёда йўлнинг белгиланмаган қисмида кесиб ўтаётган пайтда содир бўлган», — дея маълум қилди Аҳрор Усмонов.

Унинг маълум қилишича, ЙТҲларнинг 47 таси Қарши шаҳрида содир бўлган. Уларнинг 6 таси болалар билан боғлиқ бўлиб, 1 нафар ёш бола, ҳали бир ёшга ҳам етмаган чақалоқ вафот этган.

«Қарши шаҳрида 2020 йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида 43 та ЙТҲ содир этилиб, вафот этганлар 8 кишини ташкил қилган бўлса, жароҳатланганлар 35 киши эди», — дейди инспектор.

Хабарда қайд этилишича, 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятда энг кўп ЙТҲлар Чироқчи туманида содир бўлган. Бу кўрсаткич туманда 71 тани ташкил қилган. Шунингдек, Ғузорда 33 та, Деҳқонободда 16 та, Шаҳрисабз ва Китоб туманларида 13 тадан, Шаҳрисабз шаҳрида 23 та, Яккабоғда 25 та, Қамашида 31 та, Касбида 9 та, Миришкорда 4 та, Муборак ва Нишон туманларида 11 тадан, Косон туманида 20 та, Қарши туманида эса 42 та ЙТҲ содир бўлган.