8−9 октябрь кунлари Халқ таълими, Ички ишлар, ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида мактабларда «Тиғ» ва «Давомат» тадбирлари ўтказилди.

ХТВ матбуот котиби Лайло Рустамованинг «Газета.uz»га хабар беришича, рейд тадбирлари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги 9902 та мактабда ўтказилган ва 2832 нафар ўқувчи дарсларни сабабсиз қолдиргани аниқланган.

Шундан:

  • 439 нафари интернет-кафеда;
  • 68 нафари тунги интернет клубда;
  • 338 нафари бозорларда савдо-сотиқ ва аравакашлик;
  • 39 нафари дайдилик;
  • 15 нафари эса жамоат транспортида чиптачилик билан шуғулланиб юргани маълум бўлган ва таълимга жалб этилган.

«Шу билан бирга ота-оналар назорати ва қаровисиз қолган 1542 нафар ўқувчи аниқланиб, улар таълим олиши учун махсус мактаб-интернатларга жойлаштирилди», — дейилади хабарда.

Рейд натижасида сабабсиз дарсларда қатнашмаётган, назоратсиз қолганлиги аниқланган ўқувчиларнинг ота-оналари ҳокимликлар ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияларининг йиғилишларига жалб этилиб, юқоридаги ҳолатлар муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, Халқ таълими вазирлиги мурожаат билан чиқди. «Барча ота-оналардан фарзанд тарбиясига масъулият билан ёндашишларини, фарзандлари уйдан чиқаётганда унинг портфелида ва ёнида ўткир тиғли жисмлар мавжуд эмаслигини кўздан кечиришни, мактабга ўз вақтида бораётганини назоратга олишларини сўраб қолади», — дейилади унда.