Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида МИБ ходимларини ҳақорат қилиб, чақалоғининг устига бензин сепиб, ёқиб юбориш билан таҳдид қилган эр-хотинга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.

Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 8 январдаги қарорига асосан «Ҳамкорбанк» Қувасой филиали фойдасига 32 млн 509 минг 247 сўм қарздорликни ундириш лозим бўлган.

9 сентябрь куни МИБ Қувасой шаҳар бўлими давлат ижрочиси А.Қўлдашев, И.Юнусов, А.Алимов, шаҳар ФВБ ёнғин қутқарув қисми ходимлари, тез ёрдам шифокорлари, шаҳар ИИБ ходимлари ҳамда «Полмон» МФЙ раиси иштирокида З.Бабаеванинг яшаш хонадонига ижро ҳаракатларини амалга ошириш учун борган.

Фуқаролар З.Бабаева (1993 й.т., судланмаган, ишсиз) ва унинг турмуш ўртоғи А.Бабаевлар (1987 й.т., судланмаган, МЧЖ раҳбари) мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилишига фаол қаршилик кўрсатгани айтилмоқда.

«МИБ ходимларини турли сўзлар билан ҳақорат қилишиб, уларга ҳамда қўлидаги чақалоғи устига бензин ёқилғисини сепиб, ёқиб юборишини айтиб, МИБ ходимларининг ўз хизмат вазифаларини бажаришни тўхтатишига эришган», — дейилади хабарда.

12 октябрь куни Қувасой шаҳар прокуратураси томонидан З.Бабаева ва А.Бабаевга нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 140-моддаси 3-қисми «а» банди (Ҳақорат қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.