Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари мавжуд бўлган 37 та давлатда 54 та стационар сайлов участкалари ташкил этилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати маълум қилди.

МСК шунингдек, айнан қайси хорижий мамлакатларда ўзбекистонликлар овоз бериши мумкинлиги тўғрисида маълумот берди.

«Мазкур участкалар Австрия, Афғонистон, АҚШ, БАА, Беларусь, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Индонезия, Исроил, Испания, Италия, Жанубий Корея, Қирғизистон, Қозоғистон, Қувайт, Латвия, Малайзия, Миср, Озарбайжон, Покистон, Польша, Россия, Саудия Арабистони, Сингапур, Таиланд, Тожикистон, Туркманистон, Туркия, Украина, Уммон, Франция, ХХР, Ҳиндистон, Швейцария, Эрон ва Японияда жойлашган», — дейилади хабарда.

Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкалари 14-Тошкент шаҳар сайлов округига бириктирилган.

МСКнинг қўшимча қилишича, сайловчиларнинг рўйхатлари Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари раҳбарлари маълумотлари асосида тузилади. Участка сайлов комиссиялари эса чет давлатлардаги фуқароларни сайловчилар рўйхати билан танишиш усули, жойи ва вақти тўғрисида хабардор қилади.

Сайлов куни хорижда бўладиган фуқаролар ўша мамлакатдаги Ўзбекистоннинг ваколатхонасига ариза билан мурожаат қилиши лозим. Шу орқали улар хориждаги сайлов участкасидаги (дипломатик ёки бошқа ваколатхонадаги) сайловчилар рўйхатига киритилади.

25 август куни ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев Ўзбекистон ўзининг Афғонистондаги дипломатик ваколатхоналарида президент сайлови даврида сайлов участкаларини очишни режалаштираётгани ҳақида маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, муддатидан олдин овоз бериш 14 октябрдан бошланди ва 20 октябрга қадар давом этади.