Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси тайинланди

ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти директор ўринбосари бўлиб ишлаган Мансурбек Қиличев Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси лавозимига тайинланди.

Ўзбекистонга Sinovac вакцинаси олиб келинди

13 октябрь куни Ўзбекистонга 200 минг доза Sinovac вакцинаси, шунингдек, 20 минг қути «Фавипиравир» дори препарати олиб келинди. Шундай қилиб, Ўзбекистонга эмлаш жараёнларида фойдаланилаётган жами вакцина 28 млн 673 минг 528 дозани ташкил қилмоқда.

Ислом цивилизацияси марказининг қурилиши $161,8 млнгача қимматлашди

Ислом цивилизацияси марказининг қурилиши 2017 йил декабрда таҳминан 413,5 млрд сўмга баҳоланган эди. Бугунги кунга келиб қурилиш ишлари баҳоси 4 баравар — 1,7 трлн сўмгача ($161,8 млн) ошиб кетди. Лойиҳа «Трест-12» томонидан амалга оширилмоқда.

Андижон тиббиёт институтида шанбалик учун ходимлардан ушлаб қолинган 150 млн сўм қайтарилди

Андижон тиббиёт институти ходимлари шанбалик учун маошидан пул ушлаб қолинишига ўз ихтиёри билан рози бўлгани ҳақидаги хабарлар институт томонидан «фейк хабар» дея айтилган эди. Вилоят адлия бошқармаси томонидан ҳолат ўрганиш натижасида 150 млн сўм пул маблағлари институт ходимларига тўлиқ қайтарилди.

Жанубий Корея Ўзбекистонга коронавирусга қарши кураш учун $5 млн ажратди

Корея Республикаси ҳукумати 2021 йилда Ўзбекистонда COVID-19 билан курашиш бўйича комплекс дастурни амалга ошириш учун 5 млн доллар ажратди. Дастур KOICA агентлиги томонидан амалга оширилади.

Тошкентдан «Ташморe»гача BRT йўлга қўйилади

Тошкент вилояти ҳокимлиги Architects Engineers Planners Advisors компанияси билан пойтахт ва Тошкент денгизи ўртасида 6,9 млрд сўмлик тезюрар автобус транзити қурилишининг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш тўғрисида шартнома имзолади.

Jurabek Laboratories ишлаб чиқарган 1,2 млн доза хитой-ўзбек вакцинаси СЭСга топширилди

Jurabek Laboratories томонидан ишлаб чиқарилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг иккинчи партияси 1 млн 219 минг 510 дозада СЭС хизмати вакилларига топширилди.

БМТ Ўзбекистон орқали афғон халқига гуманитар ёрдам юборади

БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича бошқармаси Ўзбекистонга афғон халқи учун гуманитар ёрдам ортилган учта самолёт юборишни режалаштирмоқда. Гуманитар юк Термиздан Ҳайратон чегара пункти орқали Мозори-Шарифга етказилади. Бундай самолётларнинг биринчиси октябрь ўртасида Ўзбекистонга етиб келади. Шунингдек, агентлик Афғонистон билан чегарадош ҳудудларда логистик марказларни ташкил этишни кўзлаган.

Андижонда ёғочдан кўприк ясаб, одамларни пул эвазига ўтказган шахс 7 суткага қамалди

Андижон вилояти Булоқбоши туманида ёғочдан кўприк ясаб, одамларни сойдан пул эвазига ўтказган шахс 7 суткага қамалди. Кўприк июль ойида табиий офат сабаб авария ҳолатига келган. Ҳозирда қурилиш ва таъмирлаш ишлари бошланган.

207 та сайлов участкаларида видеокузатув олиб борилади

Президент сайловини онлайн кузатиш мақсадида 207 та туман ва шаҳарлардаги сайлов участкаларида жами 414 та кузатув камералари ўрнатилади. Ушбу участкалардаги овоз бериш жараёни saylov21.uz портали, МСК биноси ва матбуот марказида, шунингдек «Ўзбекистон24» телеканалида онлайн трансляция қилинади.

«Қонун бузилиши кузатилмаяпти». МСК — номзодларнинг сайловолди тарғиботи ва амалдаги вазифаси аралашиб кетиши ҳақида

МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров номзодларнинг сайловолди ташвиқоти ва амалдаги вазифаси бўйича фаолияти аралашиб кетмаётганлиги ҳақида фикр билдирар экан: «Қонун бузилиши кузатилмаяпти», — дея таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, МСК зарур ҳолатда ўзининг фикрларини билдираяпти ва номзодларнинг штаблари билан иш олиб бормоқда.

ХВЖ Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиши бўйича прогнозларини яхшилади

Халқаро валюта жамғармаси 2021 йилда Ўзбекистон ЯИМининг ўсиш суратлари бўйича прогнозини яхшилаб, ушбу кўрсаткич жорий йилда 6,1%ни ташкил этишини таъкидлади. Жамғарма мутахассислари 2022 йилда мамлакат ЯИМ 5,4%га ўсишини кутишмоқда.

Жиноий жавобгарликка тортиш ёши 13 ёшдан 14 ёшга оширилмоқда

Жиноий жавобгарликка тортиш ёши 13 ёшдан 14 ёшга оширилишга доир қонун лойиҳаси қонунчилик палатасида кўриб чиқилмоқда.

Google ва Microsoft Store оператори Ўзбекистонда солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтди

Google LLC ва Microsoft Ireland Operations Limited компаниялари Ўзбекистонда солиқ тўловчилар сифатида рўйхатдан ўтди. Энди хизматлар учун тўловни амалга оширишда 15 фоиз ҚҚСни ҳисобга олиш талаб этилади.

Миллатлараро муносабатлар қўмитаси биноси 35,4 млрд сўмга реконструкция қилинади

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси биноси реконструкцияси тендерида Discover Invest компанияси ғолиб бўлди. Лойиҳа қиймати 35,4 млрд сўмга баҳоланмоқда.

Шавкат Мирзиёев ЕОИИ ва МДҲ саммитларида нутқ сўзлайди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14−15 октябрь кунлари ЕОИИ ва МДҲнинг видеоалоқа шаклидаги саммитларида нутқ сўзлайди.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

Стратегиялар, стратегиялар…

Ўзбекистон олий таълим муассасалари академик эркинликка эришдими, улар халқаро агентликларнинг рейтингига кира олдими, Ўзбекистоннинг Болонья жараёнига қўшилиш режалари ҳақида нималар маълум? Колумнистимиз Комил Жалилов олий таълим бошқаруви соҳасидаги ислоҳотларнинг баъзи натижаларини таҳлил қилади.