Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Ўзбекистон иқтисодиётининг 2021 йилги ўсиш суратлари бўйича башоратини яхшилади.

Жамғарманинг жаҳон иқтисодиёти ривожланиши ҳақидаги ҳисоботида Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суратлари бўйича олдинги башорат 6,1%гача яхшиланган. Мутахассислар 2022 йилда мамлакат ЯИМи 5,4%га ўсишини кутишмоқда.

Жамғарманинг таъкидлашича, пандемияга қарамасдан дунё бўйича иқтисодий фаоллик тикланишда давом этмоқда. Бироқ жаҳон иқтисодиётининг ўсиши 2021 йилда озгина секинлашади — бу кўрсаткич 5,9% бўлиши башорат қилинмоқда, олдинги башоратдан 0,1%га пастроқ.

Ушбу ўзгаришнинг асосий сабаби ҳозир кузатилаётган етказиб беришдаги муаммолар туфайли ривожланган мамлакатлар, даромади паст ва эпидемиологик вазият ёмонлашган мамлакатлар бўйича башоратнинг пасайиши бўлди.

ХВЖ экспертлари пандемия даврида очилган ривожланиш даражалари ўртасидаги тафовутлар давом этаётганлигини таъкидлади. Уларнинг фикрига кўра, ушбу тафовутлар ўрта истиқболда иқтисодиётга таъсир кўрсатади.

«Ушбу тафовутларнинг асосий омиллари вакциналарнинг мавжудлиги ва эрта босқичда қабул қилинган давлат қўллаб-қувватлаш чораларидир», — дейилади ҳисоботда.

Олдинроқ Жаҳон банки 2021 йилда Ўзбекистонда ЯИМ ўсиши бўйича прогнозини яхшилаб, 6,2%лик ўсиш кутилаётганлигини маълум қилган эди. Сентябрь ойида Осиё тараққиёт банки ҳам Ўзбекистон иқтисодиёти бўйича башоратларини яхшилаган эди.