Кувайтда аёлларга армияда хизмат қилишга рухсат берилди

Кувайт мудофаа вазири Ҳамад Жабер Aли ас-Сабоҳ аёлларга амирлик қуролли кучларида бир қанча бўлинмаларда хизмат қилишга рухсат берувчи фармонга имзо чекди, деб хабар бермоқда ТАСС KUNA’га таяниб.

«Кувайтлик аёллар мамлакат бошидан кечирган энг оғир шароитлар ва вақтларда барча соҳаларда эркаклар билан тенг ҳаракат қилишганини исботладилар, шунинг учун уларга Кувайт армиясида эркаклар билан ёнма-ён хизмат қилиш имкониятини бериш вақти келди», — деди мудофаа вазири.

Қайд этилишича, дастлабки босқичда аёллар Кувайт армиясининг тиббий ва ёрдамчи бўлинмаларида кичик офицер ва мутахассис сифатида хизмат қилишлари мумкин бўлади.


Канада 40 минг афғон қочқинини қабул қилади

Канада ҳукумати AҚШ ва бошқа давлатлар томонидан Aфғонистондан эвакуация қилинаётган 40 минг афғонистонликларни қабул қилмоқчи. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Жастин Трюдо ўзининг Twitter’даги саҳифасида маълум қилди. «Канада 40 минг [афғон] қочқинларини қабул қилади ва биз бошқа [мамлакатларни] қочқинларни хавфсиз жойлаштириш учун саъй-ҳаракатларини кучайтиришга чақирамиз», деб ёзади у.

Трюдо, шунингдек, ҳукумат ҳужжатига ҳавола қолдирган, унга кўра, Оттава нафақат Ғарб мамлакатларининг ҳарбий кампанияси давомида Канада армиясига ёрдам берган афғонлар ва уларнинг оилаларини, балки мақоми Канададаги гуманитар дастурларга мос келадиганларни ҳам қабул қилади.

Aвгуст ойининг охирида Канаданинг иммиграция, қочқинлар ва фуқаролик ишлари бўйича вазири Марко Мендичино мамлакат 5 минггача афғон қочқинларини, шу жумладан AҚШ ва учинчи давлатларга эвакуация қилинаётганларни қабул қилишини маълум қилганди. Шу билан бирга, Канада мустақил равишда Aфғонистондан 3,7 минг кишини, шу жумладан ўз фуқароларини ва қочқинларни олиб чиқа олган. Ўтган икки ой мобайнида Оттава илтимосига биноан 100 дан ортиқ канадалик ва афғонистонлик Aфғонистондан Қатарга олиб чиқилди, сўнгра улар Канадага жойлаштирилади.

Шунингдек:

  • Aфғонистон Вазирлар Маҳкамаси аввалги ҳукумат даврида фаолият юритган барча ҳарбий хизматчилар ва муассасалар ходимларининг хизматига қайтишни таклиф қилди. «Олдинги тузумнинг барча ходимлари, ҳам ҳарбий, ҳам фуқаро, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ишлаш учун қайтиш таклифини олдилар», деди ИИВ матбуот котиби қори Саид Хости ТAСС’га. Кобулдаги хавфсизлик ҳолати ҳақида гапирар экан, қори Саид Хости бунинг учун бир қатор тузилмалар, жумладан, ИИВ, миллий хавфсизлик идоралари ва махсус кучлар жавобгарлигини таъкидлади. «Уларнинг ҳаммаси мустақил ишлайди. Ҳар бир бўлинма маълум бир мансабдор шахс томонидан назорат қилинади. Шу билан бирга, Ички ишлар вазирлигининг ўзига хос махсус бўлинмалари бор, улар учун вазирнинг ўзи жавобгардир», — деди Саид Хости

Пальма оролида лава оқими туфайли 800 га яқин киши эвакуация қилинади

Канар ороллари таркибига кирувчи Пальма ороли ҳукумати вулқондан лаванинг узлуксиз оқиши туфайли 800 га яқин кишини эвакуация қилишга қарор берди. Бугунги кунга келиб, 19 сентябрда вулқон отилиши бошланганидан буён уйларини тарк этишга мажбур бўлганларнинг умумий сони 6,8 минг кишига етди. Фавқулодда хизматлар эвакуация қилинаётган маҳаллий аҳолини энг муҳим нарсалар ва уй ҳайвонларини ўзлари билан олишга чақирди.

Канар ороллари вулқоншунослик институти ҳозирги отилиш уч ой давом этиши мумкин деган хулосага келган. Бугунги кунга келиб, қурбонлар ва жиддий жароҳатлар ҳолатлари бўлмаган, лекин вулқон лаваси хусусий мулк, жамоат инфратузилмаси ва деҳқончилик ерларига катта зарар етказган. — El Pais.

Аввалроқ, оролдан 5 минг киши эвакуация қилингани ҳақида ёзган эдик.

Бундан ташқари:

Мексикага «Памела» бўрони яқинлашмоқда ва чоршанба куни Масатлан шаҳрига (Синалоа штати) етиб бориши мумкин. «Памела» бўронинг максимал тезлиги соатига 130 кмга етмоқда. Ҳозирги вақтда табиий офат 1-тоифали сифатида баҳоланган, лекин Мексикага етгач у Саффир-Симпсон шкаласи бўйича 3 баллгача (5 баллдан) кўтарилиши мумкин. — Интерфакс (AP).


Greenpeace Францияда радиоактив чиқиндиларнинг Россияга олиб чиқилишига қарши норозилик намойишини ўтказди

Франциядаги Greenpeace экологик ташкилоти фаоллари Orano саноат компанияси биноси олдида радиоактив чиқиндиларнинг Сибирга олиб чиқилишига қарши норозилик намойишини ўтказдилар.

Aввалроқ, ташкилотнинг Франциядаги бўлими томонидан ўтказилган терговга кўра, Россияга ўн бир йиллик танаффусдан сўнг радиоактив чиқиндилар олиб чиқилиши тиклангани маълум бўлди. Таъкидланишича, шу йилнинг январь-февраль ойларида Orano Росатом’га юзлаб тонна ишлатилган уран юборган. Greenpeace маълумотларига кўра, фаоллар сунъий йўлдошлар орқали Северскда (Россиянинг Сибирь ўлкаси) очиқ ҳавода минглаб (ишлатилган уран билан тўлдирилган) бочкалар мавжуд бўлган тасвирларни олишган.

«Greenpeace»нинг қайд этишича, хавфсиз ташишни таъминлаш ва логистика операцияларини тегишли тартибда ташкил этиш каби қатъий шартлар бажарилган тақдирдагина радиоактив чиқиндиларни Европа Иттифоқидан учинчи мамлакатларга олиб чиқиш мумкин. — Greenpeace веб-саҳифаси.


Шунингдек:

  • AҚШ ноябрь ойида COVID-19'га қарши эмланганларга Мексика ва Канада билан қуруқликдаги чегараларини очади. Аниқ сана ҳали белгиланмаган. Чегаралар 18 ойдан кўпроқ вақт давомида ёпилган эди. — Интерфакс (АҚШ ОАВ)
  • АҚШнинг Калифорния штатидаги Санти шаҳрида Cessna 340A самолётининг қулаши оқибатида камида икки киши ҳалок бўлди ва бир нечта уйлар вайрон бўлди. Қурбонларнинг аниқ сони ҳали номаълум. — Интерфакс.