24 октябрь куни президент сайловида овоз бериш учун мўлжалланган сайлов участкаларида онлайн видеокузатув камералари ўрнатилмоқда. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси (МСК) раисининг ўринбосари Баҳром Қўчқоров коммиссия йиғилишида маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, хорижий тажриба ва мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, ҳар бир туман ва шаҳардаги 1 тадан намунавий сайлов участкаларида 2 тадан камералар ва зарурий қурилмалар ўрнатилади. Шунда 207 та туман ва шаҳарларда жами 414 та кузатув камералари ўрнатилиши белгиланган. Бу 2019 йилги парламент сайловларидаги камералар сонидан қарийб 3,5 бароварга кўпроқ.

Кузатув камералари ўрнатилган сайлов участкаларидаги овоз бериш жараёнлари Saylov2021.uz сайлов портали, матбуот марказидаги катта ҳажмдаги мониторда ва «Ўзбекистон24» телеканалида ҳамда МСК биносида онлайн трансляция қилиб борилади. Трансляция вақти 24 октябрь куни соат 8.00 дан 20.00 гача белгиланган.

Камералар ўрнатиладиган сайлов участкалари маҳаллий ҳокимликлар томонидан АКТ вазирлиги билан ҳамкорликда танлаб олинган. Рўйхатга тушган сайлов участкаларида оптик толали интернет алоқаси мавжудлигига эътибор берилган.

Мазкур чоралар сайловга ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланади. Камераларни ўрнатиш ва онлайн эфирга узатиш бўйича барча харажатлар «Хавфсиз шаҳар» жамоат тартибига кўмаклашиш маркази мутахассислари билан биргаликда ҳисоб-китоблар амалга оширилган ва тегишли шартнома имзоланган.

Маълумот учун, 2019 йилдаги парламент сайловларида 60 та сайлов участкасига 120 та видеокузатув камералари ва зарурий қурилмалари «UNICON.UZ» ДУК томонидан ўрнатилган эди.