БМТ Ўзбекистон ҳудуди орқали афғон халқи учун гуманитар ёрдам юборади. Бу ҳақда БМТ янгиликлар хизмати хабар берди.

Яқин вақт ичида БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича бошқармаси (UNHCR) Ўзбекистондаги Термиз шаҳрига гуманитар ёрдам ортилган учта самолёт юборишни режалаштирмоқда. Ушбу гуманитар юклар Термиздан Ҳайратон чегара пункти орқали Мозори-Шарифга юк ташиш машиналарида етказилади.

Ушбу самолётларнинг биринчиси Термизга октябрь ойининг ўрталарида юборилиши маълум қилинди. Гуманитар юкларда биринчи эҳтиёж маҳсулотлари етказилади.

Termez Cargo Centre логистик марказининг «Газета.uz» мухбирига хабар беришича, биринчи борт Термизга 15 октябрь куни етиб келади. Кейинги иккита самолётлар БМТнинг Дубайдаги Логистика марказидан 16−17 октябрь кунлари етиб келиши кутилмоқда.

UNHCR вакили Бабар Балохнинг маълум қилишича, агентлик Афғонистон билан чегарадош ҳудудларда логистик марказларни ташкил этиш устида иш олиб бормоқда. Улар орқали Афғонистон ҳудуди ичида кўчишга мажбур бўлган 100 минглаб афғонистонликларга фавқулодда ёрдам бериш кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ БМТ Бутунжаҳон озиқ-овқат дастурининг Афғонистонга ёрдам бериш доирасидаги асосий логистик марказини Термизда жойлаштириш бўйича қарор қабул қилинганлиги ҳақида хабар берилган эди. Сурхондарёдаги карго-марказда Афғонистонга гуманитар ёрдам бериш учун БМТ агентликлари томонидан катта омборхона шакллантирилиши ҳақида Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Тери Хакала ҳам таъкидлаган эди.

«Октябрь бошидан бери биз темир йўл орқали Афғонистонга БМТнинг Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури маҳсулотларини юборяпмиз, ҳозиргача 40 та вагон ўтказганмиз», — деди карго-марказ раҳбарияти.

«Кечалари ҳаво совуқлашмоқда ва бош-панасиз қолган одамларга тезлик билан ёрдам бериш зарур», — дея таъкидлади Балох. Унинг сўзларига кўра, ёрдамга муҳтож афғонлар сони 20 миллион кишига етган ва кундан-кунга ошиб бормоқда.

БМТ Афғонистондаги гуманитар операциялар учун жаҳон ҳамжамиятидан сўраган 606 млн долларнинг ҳозиргача фақатгина 35 фоизи йиғилди. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш халқаро ҳамжамиятни Афғонистоннинг пароканда иқтисодиётини қутқариб қолиш учун маблағ йўналтиришга чақирди. Унинг айтишича, акс ҳолда бунинг оқибатлари нафақат афғон халқи, балки бутун дунёга сезилади.

БМТ бугунги кунда фақатгина 5 фоиз афғон оилалари нормал озиқ-овқат билан таъминланганлиги ҳақида огоҳлантирмоқда. 5 ёшача бўлган болаларнинг ярмидан кўпи тўйиб овқатланмайди, ёрдам кўрсатилмаса улар оч қолиб кетиши мумкин, ёрдамни етказиб бериш мумкин бўлган вақт эса ўтиб кетмоқда, дейилади БМТ хабарида.

Сентябрь ойининг ўрталарида Ўзбекистон Афғонистонга катта партияда гуманитар ёрдам юборган эди.