Ижтимоий тармоқларда автомобиль йўловчиси эшикка осилиб, операторлик қилгани акс этган фотолар тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Аниқланишича, ҳолат 9 октябрь куни тахминан соат 14:00 да рўй берган. Matiz русумли автомобилни ишончнома асосида Жасур Х. (1999 й.т.) бошқарган, суратдаги йўловчи Умаржон Э. (1995 й.т.) бўлган.

Йўловчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 138-моддаси 4-қисми (Транспорт воситаси ҳаракатланаётган вақтда йўловчи томонидан тана қисмларини (қўлдан ташқари) салондан чиқариш) бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилди. Автомобиль ҳайдовчиси ҳам жаримага тортилди.

Яна бир ҳолатда йўловчи Spark русумли автомобиль салонидан чиқиб, операторлик қилган.

ИИВ ЙҲХББнинг маълум қилишича, ушбу ҳолат 5 октябрь куни соат 16:30 ларда, Янгиҳаёт тумани ҳудудида содир бўлган. Йўловчи сифатида қоидани бузган, М.М. (1999 й.т.)га нисбатан ҳам МЖтКнинг 138-моддаси 4-қисми тартибида баённома расмийлаштирилди.