Ўтган ҳафта кўплаб ОАВлар Шаҳрисабз тумани «Ғилон» қишлоғида жойлашган 58-мактаб ўқувчилари поли чириб кетган спорт залида шуғулланаётгани ҳақида хабар берди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, хабарлар эълон қилингандан кейин ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги ўрганиш олиб бориб, таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган.

«Бир неча кун давом этган таъмирлаш ишларидан сўнг спорт залининг ҳолати тикланди. Айни пайтда жисмоний тарбия дарси ушбу спорт залида ўтилмоқда», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, вилоят халқ таълими бошқармаси мактаб тоғли ҳудудда жойлашгани, ер ости сувлари ер юзасига яқинлиги, намгарчилик юқорилиги натижасида спорт залининг пол қисми жуда тез вақтда яроқсиз ҳолатга келганини маълум қилганди. Спорт залини таъмирлаш 2022 йил «Маҳаллий бюджет» ҳисобидан амалга оширилиши режалаштирилган эди.