Президентликка ЎзЛиДеП партиясидан номзод ва амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Бухорода сайловчилар билан учрашув вақтида Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши билан боғлиқ фожиани ёдга олди.

«Ҳозир айта оламан, умримда, кинода ҳам мен бундай воқеани кўрмаганман. Одамлар сувнинг ичида, болалар дарахт устида эди. Миллий гвардиядан [ҳарбий хизматчилар орасида] қурбонлар бўлди, аммо одамларнинг ҳаётини сақлаб қолдик», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 1 май куни Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғони ўпирилган эди. Тошқин Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги аҳоли пунктлари ва экинларга катта зарар етказган. Сув омборининг ўзи 2010−2017 йилларда 1,3 трлн сўм (МБнинг 2017 йил 1 январдаги валюта курсига кўра — 404,4 млн доллар) бюджет маблағлари эвазига қурилган. Сув омбори эксплуатация «Ўзбекистон темир йўллари» ҳузуридаги Савдоба сув омбори объектларидан фойдаланиш ва ривожлантириш дирекцияси томонидан амалга оширилган.

2017 йилнинг май ойида президентга лойиҳа тақдимоти вақтида «Ўзбекистон темир йўллари»нинг собиқ раҳбари Очилбой Раматов (амалда бош вазирнинг биринчи ўринбосари), қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосари Шавкат Ҳамроев (амалда сув хўжалиги вазири) ва «Ўзсувэнерго» раиси Абдуғани Сангиновлар (амалда «Ўзбекгидроэнерго» раиси) иштирок этган.

Ўтган йилнинг июль ойида Бош прокуратураси техноген офатнинг келиб чиқишига — лойиҳа ҳужжатлари, қурилиш ва фойдаланишга топширишда хатоликлар сабаб бўлганини маълум қилганди.

2021 йилнинг май ойида «Сардоба иши» бўйича суд ҳукми эълон қилинди. Ўшанда «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» УК бош директори ўринбосари 10 йил, яна 4 судланувчи 5 йил, бир нафари 4 йилга қамалди. 3 кишига озодликни чеклаш ва жарима жазолари тайинланган эди.

Февраль ўрталарида Сардоба сув омбори қайта тикланиши хабар қилинди. Тўғонни тиклаш ишларини икки босқичда, халқаро экспертлар иштирокида амалга ошириш режалаштирилгани айтилганди. Кейинроқ, Сардоба сув омбори хавфсиз эксплутация қилиниши мақсадида «Ўзбекистон темир йўллари»дан Сув хўжалиги вазирлиги тизимига ўтказилгани маълум бўлди.