Ҳар йили, АҚШ ҳукумати «Турли миллатга мансуб иммигрантлар визаси — DV» дастури (Green Card / Грин Кард) доирасида 50 минг та доимий яшаш ҳуқуқини берувчи визалар ажратади.

Визалар сўнгги беш йил ичидаги АҚШга иммиграция кўрсаткичлари асосида олти минтақавий ҳудуд орасида тақсимланади. Бунда АҚШга иммиграция кўрсаткичлари паст бўлган ҳудудларга кўпроқ виза миқдори белгиланади. Ўзбекистон фуқаролари ушбу дастурда қатнаша олади.

Green Card дастурига онлайн анкета қандай тўлдирилади? Green Card анкетаси учун фотосуратлар бўйича талаблар қандай? Green Card натижаларини қаерда ва қандай текширса бўлади? «Газета.uz» АҚШ Давлат департаментининг расмий йўриқномасига асосланган ҳолда, Грин Кард дастурига онлайн ариза топшириш бўйича қўлланмани тақдим этади.

Green Card дастурига ким ариза топшира олади?

Ариза топширувчилар АҚШнинг 12 йиллик таълим тизимига мос келувчи бошланғич ва ўрта таълимни битирган бўлишлари лозим. Ўзбекистон учун бу умумтаълим мактабларида 11-синфни битирганлар ёки лицей ва коллеж битирувчилари ҳисобланади.

Ёки ариза топширмоқчи бўлган шахс сўнгги беш йил ичида камида икки йиллик иш тажрибасига эга бўлиши лозим.

Аризаларни топшириш муддати

Ушбу дастурда қатнашмоқчи бўлганлар ўз аризаларини 2021 йил 6 октябрь Тошкент вақти билан соат 21:00 дан бошлаб 2021 йил 9 ноябрь кечки соат 21:00 гача юборишлари мумкин. Аризаларни топшириш учун рўйхатга олишнинг охирги ҳафтасигача кутмаслик тавсия этилади, чунки катта юклама сабабли дастур сайти секин ишлаши мумкин.

Аризаларни фақат онлайн тарзда топшириш мумкин. Қоғозда юборилган, тўлиқ тўлдирилмаган ёки белгиланган муддатдан кейин юкланган аризалар қабул қилинмайди.

Ҳар бир киши бир мавсумда фақатгина бир маротаба ариза топшириши мумкин. Бир маротабадан кўп ариза топширганлар дастурдан четлатилади.

Муҳим эслатмалар

Дастурда қатнашиш учун аризани тўлдириш бепул.

Кўплаб компаниялар бошқа воситачилар тўлов эвазига Грин Кард лотереясининг анкетасини тўлдириш учун аҳолига ёрдамларини таклиф этишади. АҚШ элчихонаси Ўзбекистон фуқароларига бундай фирмаларга мурожаат этаётганда эҳтиёт бўлиш кераклигини эслатиб ўтади. Уларнинг биронтаси ҳам элчихона билан боғлиқ эмас. Бундай воситачилар хизматидан фойдаланиш Грин Кард лотереясида ғолиб бўлиш эҳтимоллигини умуман оширмайди.

АҚШ давлат департаменти аризаларни ҳар ким ўзи топширишини маслаҳат беради. Агар кимдир сизга ёрдам берадиган бўлса, аризани тўлдириш жараёнида ўзингиз ҳам бўлишингиз тавсия қилинади. Шунда саволларга жавоблар тўғри бўлишини таъминлаш мумкин. Бундан ташқари, ариза юборилгач, сиз шахсий тасдиқлаш рақамингизни юклаб олишингиз ёки қоғозга чиқариб олишингиз керак бўлади. У орқали кейинчалик ариза натижасини текшириш мумкин бўлади.

Аризани тўлдирганда интернет браузерларнинг янги версияларидан фойдаланиш маъқулроқ, эски браузерлар (масалан Internet Explorer 8) ишлатилганда онлайн тизимда муаммоларга дуч келиши мумкин.

Тавсия: Аризада кўрсатишингиз керак бўлган маълумотларни олдиндан Word файлида тайёрлаб қўйсангиз, дастур сайтида маълумотларни киритиш осонроқ кечиши мумкин. Дастур саҳифасига маълумотларни киритиш узоқ вақт оладиган бўлса, маълумотларни қайтадан киритишга тўғри келиши мумкин.

Аризани тўлдириш

Green Card дастурида иштирок этиш учун аризани АҚШ Давлат департаментининг расмий сайти орқали тўлдириш мумкин: dvprogram.state.gov.

Дастур сайтининг асосий саҳифасида «Begin Entry» устига босиб, ариза тўлдириш саҳифасига ўтилади.


Кейинги саҳифада экранда авторизация учун махсус код тақдим этилади ва уни хатоликларсиз киритиш керак бўлади.


Шундан сўнг, ариза тўлдириш учун асосий саҳифага ўтилади.

Биринчи бўлимда ариза тўлдирувчининг шахсий маълумотлари: исми, фамилияси, жинси, туғилган вақти, жойи ва мамлакати киритилади.

Муҳим: Ўзбекистон фуқаролари ариза тўлдиришнинг «Middle Name» сатрларини бўш қолдиришлари ва «No Middle Name» тугмасини босишлари керак бўлади. Ўзбекистон фуқаролик паспортида кўрсатилган «Отасининг исми» маълумотлари «Middle Name»га кирмайди.


Шунингдек, виза дастурида қатнашиш учун қайси мамлакатдан ариза топширилаётганини ҳам кўрсатиш керак бўлади. Кўп ҳолатларда туғилиш мамлакати билан ариза топшириш мамлакати бир хил бўлади.

Ўзбекистонда туғилганлар туғилган мамлакат бўйича топшираётганларини танлаш учун «Yes» (ҳа)ни танлашлари керак. Бошқа мамлакатда туғилган, лекин Ўзбекистондан ариза бераётганлар «No» (йўқ)ни танлаб, мамлакатлар орасида Ўзбекистонни танлашлари лозим.


Навбатдаги бўлимда хорижга чиқиш паспорти маълумотларини киритиш керак бўлади: исм, фамилия, паспорт серияси ва рақами, амал қилиш муддати ва қайси мамлакат томонидан берилганлиги.

Ушбу бўлимда паспорт маълумотларини фақатгина қуйидаги шахслар тақдим этолмаслиги мумкин: фуқаролиги бўлмаган шахслар, паспорт ололмайдиган коммунистик давлат фуқаролари ва паспорт ололмайдиган фуқаролар. Агарда, ушбу бандлардан бири нотўғри белгиланган бўлса, ариза топширувчи дастурдан четлатилади. Хорижга чиқиш паспорти маълумотларини киритадиганлар «B» бандини бўш қолдиришлари керак.

Муҳим: Ушбу бўлимда фақат хорижга чиқиш паспорти маълумотларини киритиш керак бўлади. Хорижга чиқиш паспорти бўлмаганлар ариза топширолмайди, фуқаролик паспортининг маълумотларини киритганлар кейинчалик виза ололмасликлари мумкин.


Кейинги бўлимда ариза топширувчининг сурати юкланади. Бунда «Choose New Photo» тугмасини босиб, олдиндан тайёрланган ва компьютерга юкланган суратни танлаш керак бўлади.


Ушбу дастур учун юкланадиган сурат сўнгги 6 ой ичида олинган бўлиши керак. Ариза топширувчи суратга тушиб, унинг рақамли нусхасини олиши ёки яқинда тушган суратининг сканерини ҳам юклаши мумкин.

Фотосуратга қатъий талаблар қўйилган ва ушбу талабларга жавоб бермайдиган аризалар дастурдан четлатилади.

Муҳим: эски суратини, олдинги аризада юклаган суратини ва ишлов берилган суратларни юклаган шахсларнинг аризаси танлов шартларига жавоб бермайди.

Фотосуратга талаблар

Фотосурат ҳажми 245 кб дан юқори бўлмаслиги ва JPEG форматда бўлиши лозим.

Сурат тиниқ ва ранглари табиий, суратдаги шахснинг тери ранглари ҳақиқийлигича кўринган ва сояларсиз бўлиши лозим.

Green Card дастури тақдим қилган намуналар.

Суратга тушган шахсда ҳеч қандай кўзойнаклар бўлмаслиги керак. Кундалик ҳаётда ҳам кўзойнак билан юрсангиз, сурат учун кўзойнакни ечишга тўғри келади.

Green Card дастури тақдим қилган намуналар.

Шахснинг боши сурат марказида ва тўғри ҳажмда бўлиши лозим. Суратнинг параметрлари: 2"х2″ (51×51 мм), аризачининг боши марказда ва 1″ ва 1.4″ (25 ва 35 мм) оралиғида жойлашган бўлиши лозим.

Green Card дастури тақдим қилган намуналар.

Сурат аниқ ва равшан бўлиши, ҳеч қандай пикселлар ёки принтер нуқталари кўринмаслиги шарт. Суратга олишдан олдин камеранинг фокуси шахсга қаратилганлигини текшириш лозим. Суратнинг параметрлари ҳам тўғри бўлиши керак.

Green Card дастури тақдим қилган намуналар.

Оригинал суратга ўзгартиришлар киритмаслик керак: суратнинг орқа фонини ўзгартириш, суратни чўзиш ёки кичрайтириш, «қизил кўзларни» ўзгартириш мумкин эмас. «Қизил кўз"ли суратларни қайтадан олиш лозим.

Green Card дастури тақдим қилган намуналар.

Ариза топширувчи камерага тўғри қараб туриши, нейтрал юз ифодасида бўлиши (табиий табассум бўлиши мумкин) ва унинг кўзлари аниқ кўриниши керак. Ариза топширувчининг кўзлари ёпиқ ёки бошқа томонга қараган бўлса, боши олдинга, орқага ёки ён томонга оғган бўлса, суратни қайтадан олиш керак бўлади.

Green Card дастури тақдим қилган намуналар.

Ариза топширувчининг юзи тўлиқ кўринган бўлиши лозим. Соялар, соч, буюм ёки кийимлар суратдаги шахснинг юзининг бирор қисмини яширмаслиги керак.

Суратга бош кийим билан тушиш мумкин эмас, фақатгина диний ёки тиббий мақсадларда (тиббий бош кийим бўлса, ёзма мурожаат бўлиши лозим) бўлган бош кийимлар бундан мутасно.

Green Card дастури тақдим қилган намуналар.

Суратнинг орқа фони бир текис, оддий ва оқ ёки қаймоқ рангда, соялардан холи бўлиши шарт.

Green Card дастури тақдим қилган намуналар.

Болаларни суратга олганда уларнинг орқасида ҳеч ким бўлмаслиги лозим. Улар кўзлари очиқ ҳолда камерага қараб туришлари керак. Янги туғилган чақалоқларнинг кўзлари тўлиқ ёки қисман ёпиқ бўлишига рухсат этилади.

Green Card дастури тақдим қилган намуналар.

Фотосуратлар бўйича барча талабларни АҚШ Давлат департаментининг расмий сайтида ҳам кўришингиз мумкин (инглиз тилида).

Фотосуратни юклаб бўлгандан кейин, навбатдаги бўлимга ўтиш мумкин. Бунда сиз ўз яшаш манзилингиз бўйича маълумотларни киритишингиз керак бўлади: кўча номи ва уй рақами, шаҳар, туман, почта индекси ва мамлакат.

Ундан кейин ҳозирда яшаётган мамлакатингиз ва телефон рақамингизни кўрсатиш керак бўлади.


Кейин доимий ишлатадиган электрон почта манзилингизни ва таълим даражингизни кўрсатинг.


Шундан сўнг оилавий аҳволингиз ҳақидаги маълумотларни кўрсатишингиз керак бўлади. Агарда сиз турмуш қурмаган бўлсангиз ва фарзандларингиз бўлмаса, буни кўрсатиб, кейинги саҳифага ўтишингиз мумкин.


Агарда сиз турмуш қурган бўлсангиз, унда турмуш ўртоғингиз (яъни эр ёки рафиқа) ва 21 ёшга тўлмаган, ҳаёт ва турмуш қурмаган фарзандларингиз сони ҳақидаги қўшимча маълумотларни ҳам аризада кўрсатишингиз керак бўлади. Турмуш ўртоғи билан бирга яшамайдиган, лекин ажрашмаганлар турмуш ўртоқларининг ҳам маълумотларини кўрсатишлари шарт, акс ҳолда ариза дастурдан четлатилади.

Мурожаатчиларнинг аллақачон АҚШ фуқароси ёки қонуний доимий резиденти бўлган турмуш ўртоғи ёки фарзандларини анкетага киритиш талаб қилинмайди.


Кейинги саҳифада турмуш ўртоғингиз ва фарзандларингизнинг шахсий маълумотлари (исми, фамилияси, жинси, туғилган вақти ва мамлакати) ҳамда суратларини киритиш керак бўлади.


Муҳим: Ушбу аризада ариза топширилган куни 21 ёшга тўлмаган ва турмуш қурмаган барча фарзандларингизнинг маълумотларини кўрсатиш шарт.

Бунда, ушбу фарзандларингиз сиз (асосий мурожаатчи) билан яшамаса ёки келажакда АҚШга кўчиб ўтиш ниятида бўлмаса ҳам, уларнинг маълумотларини кўрсатиш керак бўлади. Шунингдек, қонунан асраб олинган ва турмуш ўртоғингизнинг бошқа турмушидан бўлган фарзандларингиз бўлса, уларни ҳам кўрсатишингиз керак.

Оила аъзоларингизнинг суратларини жойлаштирганда ҳам юқорида фотосуратлар бўйича келтирилган талабларга риоя қилинг.

Виза дастурининг натижалари эълон қилинган пайтда фарзандингиз 21 ёшга тўлиб қолса ҳам, у виза учун ариза топшириши мумкин бўлади. Фақатгина Грин Кард дастурига ариза топширган вақтда у 21 ёшдан кичик бўлиши лозим.

Агар барча амалдаги оила аъзоларингиз ҳақидаги маълумотларни кўрсатмасангиз, унда виза дастуридан четлатиласиз.

Барча маълумотларни тўлдириб, кейинги саҳифага ўтиш учун саҳифа пастидаги «Continue» тугмасини босинг.

Аризани юбориш

Кейинги саҳифада сиз аризада киритилган маълумотларнинг тўғрилигини текшириб чиқишингиз керак.

Агарда аризани юборишдан олдин қайсидир саҳифадаги маълумотни ўзгартирмоқчи бўлсангиз, унда ортга ўтиб, маълумотларни таҳрирлашингиз мумкин.


Барча маълумотлар тўғрилигига ишонч ҳосил қилгач, саҳифанинг охирида «Submit» тугмасини босинг ва аризани юборинг.

Шундан сўнг, кейинги саҳифада сизнинг аризангиз қабул қилинганлиги тўғрисида маълумот чиқади. Ушбу маълумотларни қоғозда чиқариш ёки рақамли нусхасини олиш орқали сақлаб олинг ва ушбу маълумотларни йўқотмасликка ҳаракат қилинг.


Муҳим: Аризангиз қабул қилинганлигини тасдиқловчи саҳифада «Confirmation Number» (тасдиқлаш рақами — таҳр.) тўғрисида кўрсатилган маълумот жуда муҳим ҳисобланади. У орқали сиз виза дастури натижалари чиққач аризангиз бўйича жавобни текширишингиз мумкин.

Green Card дастури натижаларини текшириш

Визага мурожаат этувчилар компьютер орқали амалга ошириладиган тасодифий танлов лотереяси ёрдамида сараланади.

2022 йил 8 майдан бошлаб ушбу мавсумда виза дастурига ариза топширганлар ўз натижаларини текширишлари мумкин бўлади.

Бунинг учун, dvprogram.state.gov сайтига кириб «Entrant Status Check» бўлимида «Check Status» тугмасини босиш керак.


Натижаларни текшириш саҳифасига ўтиб, «Continue» тугмасини босинг.


Кейинги саҳифада натижаларни текшириш учун ариза топширганда сизга бириктирилган 16 белгили тасдиқлаш рақами, фамилия ва туғилган йил ҳақидаги маълумотларни киритиш керак бўлади.

Барча маълумотларни тўғри киритганингизга ишонч ҳосил қилгач, авторизация кодини киритиб, «Submit» тугмасини босинг.


Агар сизнинг аризангиз виза дастурига қабул қилинган бўлса, ушбу саҳифада кейинги босқичлар бўйича маълумот берилади. Аризаси муваффақиятли ўтганлар ва керакли ҳужжатларни топширганлар иммигрант визасини олиш учун интервью санасини ҳам ушбу саҳифада текширишлари мумкин.

Ариза натижаларини фақатгина ушбу сайтда кўриш мумкин бўлади. Ушбу мавсум аризалари бўйича натижаларни 2023 йил 30 сентябрга қадар текшириш мумкин.

Маълумот учун, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси Green Card дастури бўйича тез-тез сўраладиган саволларга ўз жавобларини эълон қилган. Қўшимча маълумотлар учун ушбу ҳаволага ўтиб, уларга ўз саволларингизга жавоб олишингиз мумкин (PDF).