Ўзбекистон банк секторида активлар сифатининг ёмонлашуви хавфининг ошиши кузатилмоқда, дея қайд этган Fitch Ratings рейтинг агентлиги ўзининг 6 октябрдаги ҳисоботида. Агентлик бу тенденцияни кредитлашнинг тез суръатларда ўсиши, банклар балансининг юқори даражада долларлашуви ва ташқи молиялаштириш манбалари улушининг ортиши билан изоҳламоқда.

Агентлик маълумотларига кўра, мамлакат банклари «етилмаган» кредитларнинг сезиларли улушига эга бўлиб (яъни, кредит берилган вақтдан бери уни «ёмон» ёки «яхши» деб таснифлаш мумкин бўлган муддат ўтмаган), бу кредитлашнинг ўсиши ва пандемия шароитида қарз олувчиларга босимни юмшатиш мақсадида 2020 йилда жорий этилган кредит таътиллари билан боғлиқ.

«Узоқ муддатли истиқболда банк секторининг молиявий кўрсаткичлари активлар сифатининг динамикаси, операцион муҳитнинг барқарорлиги, шунингдек, хусусийлаштирилиши кўзда тутилган давлат банкларининг директив кредитлашдан янада тижоратлашган бизнес моделларига қанчалик муваффақиятли ўтишига боғлиқ бўлади», — деб ёзмоқда Fitch Ratings.

Соҳадаги активлар сифатининг ёмонлашиши хавфи, асосан, сўнгги йилларда аксарият давлат банкларида кредитлашнинг тез суръатлар билан ўсиши ва хорижий валютадаги кредитлаш улушининг, айниқса, йирик банкларда, юқори экани билан боғлиқлиги айтилмоқда. Бундан ташқари, банклар учун мажбурий мақсадли кредит беришни назарда тутувчи давлат дастурлари бўйича ҳали ҳам катта миқдордаги кредитлар берилмоқда, бу эса баъзи ҳолларда кредит бериш стандартларининг заифлашишига олиб келади.

Банклар аксарият ҳолларда кредитлар бўйича узоқ муддатли имтиёзли давр (уч йилгача) берадилар, айниқса, бизнесни бошлаш ёки ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадларида.

Активлар сифат кўрсаткичлари 2020 йилда пасайиб кетган эди. Fitch Ratings прогнозларига кўра, 2021−2022 йилларда бу кўрсаткичнинг янада ёмонлаши кутилмоқда, сабаби бугунги кунга келиб кредит таътиллари муддати тугади, кўп сонли кредитлар учун имтиёзли даврлар ҳам якунига етмоқда. Банкларнинг захиралашгача бўлган фойдаси (маълум бир даврдаги даромад миқдори, келажакдаги умидсиз қарзларни қоплаш учун ажратилган захира маблағлар бундан мустасно), кредитлар бўйича захиралар ҳисобидан харажатларнинг потенциал ўсиши шароитида, юқори бўлмаган соф фоиз маржасини ҳисобга олиб, фақат чекланган хавфсизлик чегарасини (буфер) таъминлайди холос.

Аксарият банкларда 2020 йилда қадрсизланган кредитлар (IFRS бўйича 3-босқичдаги кредитлар) улуши ортган ва Fitch экспертларига кўра, уларнинг ўсишда давом этиши кутилмоқда. Шу билан бирга, банклар маълумотларига кўра, пандемия муносабати билан қайта тузилган кредитларнинг аксарияти 2021 йилнинг биринчи ярми охиригача график бўйича тўлов даврига қайтди, бу пандемиянинг активлар сифат кўрсаткичларига чекланган таъсиридан далолат беради.

Кредитнинг қадрсизланиши — бу банкнинг кредит шартномаси шартлари бўйича тўланиши керак бўлган барча суммани ололмаслиги эҳтимоли юқори бўлганида унинг сифатининг пасайиши.

2020 йил охирида йирик банклар томонидан 3-босқичдаги кредитлар бўйича зарарлар 50−100 фоизгача захира маблағлари ҳисобидан қопланган.

«Айрим қадрсизланган кредитлар учун гаров таъминланганлиги ва давлат кафолатлари мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, буни талаб даражасида, деб ҳисоблаймиз. Шу билан бирга, фикримизча, аксарият банкларнинг капиталлашуви активлар сифати бўйича хавфларнинг ошиши, захираларгача бўлган чекланган фойда ва кредитлашнинг ўсишига хоҳишнинг юқори даражадалиги туфайли мўътадил бўлади», — дейилади ҳисоботда.

Сўнгги йилларда давлат банклари кредит ўсишини асосан ҳукумат ёки ташқи манбалар, хусусан, халқаро молия институтлари ва тараққиёт банклари томонидан, ажратилган ёки жалб қилинган маблағлар ҳисобидан молиялаштирдилар. Бу банк тизимидаги мижозлар депозитларининг ўртача ҳажми билан боғлиқ.

Қайта молиялаштиришга бўлган эҳтиёжлар ўрта муддатли истиқболда паст бўлади, сабаби ташқи қарзларни тўлаш муддати асосан ушбу кредитлар орқали берилган кредитларнинг муддати билан боғлиқ ва кўпчилик банклар 2021 йилнинг тўртинчи чорагида ва 2022 йилда ташқи қарзларга хизмат кўрсатиш учун етарли ликвидликка эга.

«Шу билан бирга, узоқ муддатли истиқболда ташқи қарзларни қайтариш истиқболлари қарз олувчилар томонидан берилган кредитларга хизмат кўрсатишга боғлиқ бўлади ва давлат банклари активларнинг сифати ёмонлашган тақдирда хорижий валютадаги ликвидлик билан боғлиқ муаммоларга дуч келиши мумкин», — дея қайд этилган.

2025 йил охиригача олтита давлат банкини хусусийлаштириш режалаштирилган. Агентликнинг прогнозларига кўра, банкларнинг хусусий секторга трансформацияси амалга оширилиши жараёнида дастлаб халқаро молия институтлари банклардаги кичик улушларни сотиб олишлари мумкин, кейин эса давлат назорат пакетларини стратегик инвесторларга сотишни режалаштирмоқда.

Хусусийлаштирилиши кутилаётган барча банклар директив кредитлашдан воз кечиб, фоиз маржаси ва рентабеллигини ошириш учун тижоратлашган бизнес моделларини ишлаб чиққан ҳолда ўз бизнес моделларини ўзгартирмоқда.

Сентябрь бошида бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров «Ипотека-банк» давлат улушининг 75 фоизини Венгриянинг OTP Bank банки сотиб олишини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, ҳужжатларнинг бир қисми 29 сентябрь куни Тошкентда ўтказилган форум доирасида имзоланган, қолган қисмини эса икки ой давомида имзолаш режалаштирилган.