Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга ташрифи чоғида журналистлар билан ҳам суҳбатдашиб, уларнинг саволларига ҳам жавоб берди, дея хабар берди Kun.uz нашри.

Давлат раҳбари «Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар» темир йўли тақдири ҳақида гапирди.

«Бу жуда жиддий масала. Куни кеча ташқи ишлар вазиримиз Афғонистонга бориб учрашув ўтказиб келди, у томон Термизга келади, музокараларни давом эттирамиз. Афғонистонга қандай ҳукумат келишидан қатъи назар халқ манфаатини, иқтисодни ўйласа, бу лойиҳа жуда зарурлигини англаб етади», — деди президент

Унинг сўзларига кўра, «„Толибон“ раҳбарияти ҳам бу лойиҳа амалга ошишига астойдил розилигини билдиряпти». «Лекин улар бир муаммога дуч келишяпти — аксарият давлатлар уларни тан олмай туриб, бундай катта ишларни амалга ошира олмайди, ҳеч ким молиялаштирмайди. Афғонистоннинг захира маблағлари музлатилган, бу маблағлар қайтарилиб, халқ заруратига ишлатилса яхши бўларди», — дея қўшимча қилади президент.

Шавкат Мирзиёев ҳозир Афғонистонни кундалик муаммолар қийнаб тургани, аҳолига очлик хавф солаётгани ҳақида ҳам айтиб ўтди.

«Бу давлатда барқарорлик сақланиши учун мана шу қишдан эсон-омон ўтиб олишлари жуда муҳим. Мачитдаги портлаш ҳам яхши сигнал эмас, бу зиддиятларни кучайтиради. Лойиҳа тақдирига келсак, биз уни албатта амалга ошириш ҳаракатидамиз. Чунки бу темирйўл кўп давлатлар учун жуда муҳим. Лойиҳага киришганимизданоқ кўп давлатлар биз учун транзит тарифларини камайтиргани бежиз эмас», — деди Шавкат Мирзиёев ОАВ вакиллари билан мулоқот чоғида.

Маълумот учун, Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида «Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар» темир йўлини қуриш таклиф этилган.

Июнь ойи аввалида президент журналистлар билан учрашувда «Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар» темир йўли қурилишининг илк босқичлари учун Жаҳон банки томонидан 35 млн доллар маблағ ажратилишини маълум қилганди.

Шавкат Мирзиёев ШҲТ саммитида Афғонистондаги гуманитар вазиятни ҳисобга олган ҳолда хориж банкларидаги афғон активларини қайтаришни таклиф қилган эди. Гап август ўртасида «Толибон» қўлига тушмаслиги учун АҚШ томонидан музлатилган Афғонистон Марказий банкининг миллиардлаб долларлари ҳақида кетмоқда.