Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги 1-сон юқумли касалликлар шифохонасида коронавирус билан касалланган 1600 бемор даволанмоқда, деб хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига тиббиёт муассаса бош шифокори Анвар Хусанов.

2 минг ўринга мўлжалланган марказда ҳозир 1 минг 600 нафар бемор муолажа оляпти. Уларнинг 26 фоизи олтмиш ёшдан ошган фуқаролар бўлса, 160 нафарга яқини болалардан иборат. Жами беморларнинг 77 фоизи ўрта оғир, 20 фоизи оғир, 3 фоизи эса ўта оғир ҳолатда. Айни пайтда 153 нафар бемор жонлантириш бўлимида даволаняпти. Кунига ўрта ҳисобда 100−150 нафар беморни қабул қилиб, уларнинг даволаниши 7−10 кун давом этади.

Марказ шифокорларининг қайд этишича, эмлаш ёрдамида касалликка чалиниш даражасини янада камайтириш мумкин.

«Статистик кўрсаткичлардан ҳам аёнки, оғир ва ўта оғир ҳолатдаги беморларнинг катта қисми кекса ёшдаги инсонлар. Уларда касаллик асоратлари оғир кечиши ва тузалиш муддати узайиб кетиши кузатилмоқда», — дейилади хабарда

Қўшимча қилинишича, иккинчи салбий ҳолат COVID-19`ни юқтириб олаётганлар орасида болалар сони ҳам ортиб бораётганидир. Айни кунда Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонасига кунига ўртача 25 нафар бола ётқизилаётгани айтилди.

Анвар Ҳусановнинг таъкидлашича, шу кунгача 117 минг нафардан ортиқ болалар вакцина олишган. Уларнинг ҳеч бирида ножўя таъсирлар кузатилмаган.

ССВ хабарига кўра, йил бошидан Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонасига 18 ёшгача бўлган 3 658 нафар бола COVID-19 ташхиси билан ётқизилган. Уларнинг энг катта қисми, яъни 1 263 нафарини 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар ташкил этади.

Анвар Ҳусановнинг маълум қилишича, касалланган ўрта ҳолатдаги бемор муолажаси учун давлат ҳисобидан 15 млн сўмгача маблағ сарфланмоқда.

Болалар бўлими мудири Ҳилола Мардонованинг сўзларига кўра, бўлимдаги болаларнинг 20−30 фоизида вирусли пневмония кузатилмоқда. Йил бошидан буён 84 нафар бола жонлантириш бўлимига ётқизилган бўлса, ҳаммаси тузалиб чиқиб кетишган.

«Тўғри, касаллик аксарият ўғил-қизларда нисбатан енгил ўтяпти. Тузалиш муддати ҳам ўртача 5−7 кунни ташкил этмоқда. Аммо барибир хотиржамликка берилмаслигимиз шарт. Шу маънода, 12 ёшгача бўлган боларнинг эмланиши имкониятдан оқилона фойдаланишимиз зарур», — дея қўшимча қилади у.

Эслатиб ўтамиз, 1 ноябргача Ўзбекистон аҳолисининг 70 фоизини коронавирусга қарши эмлаш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилган эди.

9 октябрь ҳолатига Ўзбекистонда жами 22 млн 433 минг 729 доза вакцинадан фойдаланилган. Шу кунгача тўлиқ эмланган фуқаролар 5 млн 107 минг 476 нафарни ташкил қилмоқда.

Сентябрь ойининг охирида Ўзбекистонда 12 ёшдан катта болалар шифокор кўригидан ўтгач, ота-оналар ва васийларининг розилиги асосида COVID-19`га қарши Pfizer вакцинаси билан ихтиёрий равишда эмланишга рухсат берилган эди.