Иллюстрация: Эльдос Фозилбеков / «Газета.uz»
Бутун шаҳар – ўйин майдончаси
Шаҳардаги фаол дам олиш одамларни қанчалик яқинлаштирмоқда
Шаҳар спорт билан шуғулланиш ва дўстлар билан вақтичоғлик қилиш учун энг яхши жой. Аҳолининг фаоллиги жойларни ўзгартиради ва уларга ҳаёт бағишлайди. «Газета.uz» фотомухбири Евгений Сорочин тошкентликлар қандай қилиб кўча-кўйда дам олиб, машғулот ўтказаётганини кузатди.
Улуғбек Миршарипов
скейтбордда учади
Мен скейтбордда учиш билан 2000-йиллардан бери шуғулланаман. Ўша вақтларда смартфон ва Интернет йўқ эди. Телевизорда «Ералаш»дан бошқа ҳеч нарса кўрсатилмасди, шунинг учун бирор нарсага чалғиб, ўзимни банд қилишим керак эди. Скейт – бу максимал ва чексиз ифода эркинлигидир. Мана сиз, сизнинг бир жуфт поябзалингиз, тўрт ғилдиракли тахтачангиз ва бутун шаҳар сизнинг ўйин майдончангиз.

Скейтерларнинг маълум бир қисми «Космонавтлар»да учишади. Кимгадир «Жасорат» ёдгорлиги, бошқаларга «Ҳумо Арена» олдида учиш қулайроқ.
Менинг энг севимли жойим – «Космонавтлар». Скейтерлар бу ерда 1980-йиллардан бери учишади – менга буни отам айтиб берган. Ўша вақтларда ҳатто тахтачалар ҳам бошқача бўлган экан. Одамлар бу жойни шунчаки танлашмаган: бу ерга машиналар кирмайди, Ички ишлар вазирлиги ҳимояни кафолатлайди. Бу ниманидир синдириб қўйишдан қўрқмасдан учиш учун ҳам энг яхши жой, чунки унинг юзаси мармар билан қопланган. Биз ўз шаҳримизни яхши кўрамиз, шунинг учун ундан фойдаланишда унга зарар етказишни хоҳламаймиз. Мармар эса мустаҳкам материал.
реклама
реклама
«Космонавтлар» – менинг саҳнам. Мен шу ерда бошлаганман. Ва қачондир тугатмоқчи бўлсам, шу ерда якунлайман. Бу жойнинг ўз тарихи ва маданияти бор: бу ерга келасан ҳамда ғилдиракли тахтача билан, шу одамлар билан ва шу жой билан бошингдан нелар кечганини англаб етасан.

Ҳеч бўлмаганда кунора учишга ҳаракат қиламан. Қачонлардир бошлаган «кексалар» ва шогирдларим билан бирга бўламан. Мен билан учишни бошлаган барча болалар ҳалигача давом эттиришмоқда. Кўпчилик ижодий фаолият билан ҳам шуғулланади, чунки бу ердаги муҳит уларга жуда мос.
Ота-оналар ишдан кейин болаларини бу ерга олиб келишлари мумкин. Бола энг камида 6 ёшда бўлиши керак. Бизда ёш иқтидорли йигитлар бор, улар доим маслаҳатлари билан ёрдам беришади. Бизнинг ҳамжамиятимиз жуда содиқ. Бизнинг ҳомуш қиёфамиз – бу ўзимиз билан кураш, холос.

Инвентарни ижарага олиб бўлмайди, чунки ҳар кимнинг ўзига хос миниш услуби, ўз хоҳиш-истаклари ва ўз оёқ ўлчами бор. Скейтинг маданияти ўз ичида жуда ривожланган. Бу ерда кўплаб йўналишлар мавжуд, уларнинг ҳар бири маълум бир ўлчам, сифат, вазн ва бошқа параметрларга эга тахтачани маъқул кўради. Бошловчи скейтер учун илк инвентарь 150-250 долларга тушади. Скейтборднинг юқори қисми тез-тез алмаштириб турилади. Бу зарарли одатлардан кўра қимматроқ, лекин анча яхшироқ.
Любовь Яковлева
78 ёш
бўғим гимнастикасидан сабоқ беради
Мен «Экопарк»да бўғим гимнастикаси билан шуғулланаман. Бизнинг гуруҳимиз «Экопарк пингвинлари» деб аталади. Йилнинг иссиқ вақтларида машғулотлар тоза ҳавода ўтказилади, қишда эса 51-мактабнинг спорт залига қатнаймиз. Машғулотларимиз ҳар куни эрталаб 6 да ўтказилади. Ҳар куни қатнаймиз, шунинг учун бизнинг на шанбамиз, на якшанбамиз бор.

Пандемия вақтида парк ёпилиб, жамоат транспорти ҳаракатланмаган вақтларда биз Салар бўйида машқ қилдик. У ерга пиёда бориб-келишга тўғри келди. Биринчи кунлари шунчалар қийналдикки, ҳатто мен билан бирга қатнаган шеригим турмуш ўртоғидан мени уйимга элтиб қўйишни илтимос қилди. Мен ўшанда албатта шуғулланиш, албатта ўзимиз устимизда ишлашимиз кераклигини айтдим.
Энди мен машғулот жойигача ўзим пиёда бориб-қайтяпман. Бу кунига 7 километрдан кўпроқ дегани. Юрганим учун кунига 3 минг сўм ўтказишяпти. Бир марта 255 минг сўм ечиб олдим.

Жисмоний фаоллик – бу ҳам спорт. Агар ҳаммаси ташкиллаштирилган бўлса, одамлар шуғулланишади. Қаерга борсам ҳам, машғулотларимиз ҳақида сўзлаб бераман. Бизда улар бепул. Одамлар кўпинча ишонишмайди, лекин мен шу ерда ва 51-мактабда бўғим гимнастикасидан сабоқ бераман, шуни аниқ айта оламан.

Машғулотлар учун инвентарлар шарт эмас. Баъзи ҳолларда каремат (махсус тўшак – тарж.) керак бўлиб қолиши мумкин. Қишки машғулотлар учун эса мактабнинг спорт залида оёқ кийимини алмаштиришга тўғри келади. Бошқа ҳеч нарса керак эмас.
реклама
реклама
Менга сабоқ бериш ёқади. Овозим жуда яхши, аввал 29-мактабда болаларга немис тилидан дарс ўтганман. Ундан ташқари, ўзбек тилини биламан, машғулотларимизга кўплаб ўзбек аёллари ҳам келишади.

Авваллари 50 ёшда улар энди қаридик ва ҳеч нарса қилолмаймиз, дейишарди, ҳозир эса 60 ёшда ўзларини ёш деб ҳисоблашади. Бир ой аввал қўлларини ҳам кўтара олмаган аёллар бор, уларнинг тиззалари оғрир, қийналиб юришарди. Лекин машғулотларнинг уларга ёрдами тегди. Бу мени илҳомлантиради.
Айримлар Чилонзорда яшашади. Бу ерга келиш уларга узоқлик қилади. Уларга: «Келинг, телефонга ёзиб олинг ва уйда шуғулланишни бошланг», – дейман. Бироқ улар хоҳлашмайди.

Бир йигит кекса ёшли инсонни алдамоқчи бўлибди. Унинг кафтида қушча бор эди. У кекса инсондан қўлидаги қушнинг тирик ёки ўлик эканини сўрашга қарор қилибди. Агарда қариянинг жавоби тирик бўлса, қушчани кафти билан сиқиб ўлдирар, ўлик деса, қўлини очиб, қушчани учириб юбормоқчи бўлади. Йигит кексага саволини берганида у шундай деб жавоб берибди: «Ҳаммаси сенинг қўлингда, ўғлим». Мен ҳам ҳаммага барчаси ўз қўлингизда, деб айтаман.
Шерзод
пинг-понг ўйнайди
Мен пинг-понг ўйнашни ўтган йили Happy Summer болалар оромгоҳида зерикканимдан бошладим. Кейинроқ қиз-ўртоғимнинг ҳам стол тенниси билан шуғулланишини билдим ва бу шунчаки ўйиндан рақобатгача ўсиб борди. Ҳозир биз ҳар дам олиш кунлари «Экопарк»да бир-икки соатдан ўйнаймиз.

Пинг-понг менга жўшқинлик беради ва мен уни яхши ўйнайман.У мени қиз-ўртоғим билан яқинлаштиради. Иккимизнинг волейболга ўхшаш бошқа умумий севимли машғулотларимиз ҳам бор, бироқ у буни яхшироқ ўйнайди. Пинг-понг – иккимиз учун ҳам уйғун, енгил, тезкор, қизиқарли ва жўшқин спорт.
Биз ҳар доим «Экопарк»да ўйнаймиз, чунки ўйингача ва ундан кейин «М-1» мавзеси бўйлаб сайр қиламиз. Авваллари Ҳамид Олимжон метро бекати яқинида ўйнардик. У ер сокин эди ва бизга ёқарди. «М-5»да ҳам ўйнаш мумкин, дейишади. Бошқа жойлардан фарқли равишда, у ерда стол зарғалдоқ (тўқ сариқ) рангда, шунинг учун ўша ерда ўйнашимиз керак. «Бодомзор»да эса профессионал секция бор. У ернинг столлари текис, ракетка ва коптокчалари яхши. Кўп жойларда столлари синган, ракеткаларининг резиналари кўчган бўлади. Бироқ ҳамма жойга ўз ракеткангизни олиб боришингиз ҳам ноқулай.
Матнни Сабина Бакаева тайёрлади
Фотосуратлар муаллифи: Евгений Сорочин
Материалларга бўлган барча ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. www.gazeta.uz сайтига жойлаштирилган ва «Газета.uz»га тегишли фото-, график ва бошқа материаллардан учинчи шахслар томонидан ҳар қандай кўринишда фойдаланиш тақиқланади.

Қизиқарли нарсаларни биласизми, у ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг