Жума куни Тошкентда «Ўзбекистонда миллий превентив механизмни халқаро стандартлар асосида ривожлантириш истиқболлари» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Омбудсман матбуот хизмати.

Тадбир давомида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича вакили журналистларнинг бир қатор саволларига жавоб берар экан, маҳкумлардан омбудсманга келиб тушаётган мурожаатларга ҳам тўхталиб ўтган.

Феруза Эшматованинг таъкидлашича, «омбудсман ўзининг фаолиятини келиб тушаётган мурожаатларга қараб баҳолайди».

«Ҳозирги кунда жазони ижро этиш муассасаларида мен ўзим қийноқ ҳолатларини деярли учратганим йўқ. Улар билан суҳбатлашганимизда, шу пайтгача уларнинг ҳеч қайсисидан, масалан, „мени бу қийнаяпти“, „урди“ ёки қанақадир „руҳий тазйиқ, босим, қийноқлар ўтказаяпти“ деган [мурожаат] бўлмади. Бугунги кунга қадар 120 га яқин мониторинг ташрифи ўтказдик. Лекин бизга ҳали бундай мурожаат келиб тушгани йўқ», — деди у.

Омбудсманнинг сўзларига қараганда, мурожаатларнинг асосий қисмини суд ҳукмидан норозиликлар ташкил этган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг матбуот котиби Фотима Мадраҳимованинг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, 2019 йилда — 46 та, 2020 йилда — 71 та, 2021 йилнинг 9 ойида — 120 та мониторинг ташрифлари ўтказилган.

«Ўтказилган мониторинг ташрифлари давомида маҳкумларни қамоқда сақлаш шароитлари, яъни яшаш ва овқатланиш, меҳнат қилиш ва тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати, маҳкумлар учун олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар ҳамда коронавирус пандемияси даврида санитария-гигиена талабларига риоя этилаётганлиги, таълим-тарбия бериш ва бошқа шу каби ҳолатлар ўрганилган», — деди омбудсман матбуот котиби.

Февралнинг биринчи ярмида депутат Расул Кушербаев Омбудсманнинг 2019 йилги ҳисоботида 139 нафар маҳбусдан қийноқлар билан боғлиқ шикоят келганини, лекин улар тасдиқланмаганини қайд этганди. Халқ вакили бунга «қамоқхоналардаги тиббий хизмат ИИВга бўйсуниши» сабаб бўлаётгани таъкидлан эди. У қамоқхоналардаги тиббий хизматни Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфига ўтказиш бўйича омбудсманнинг ўтган йилги таклифи очиқ қолганини эслатиб ўтганди.