Женевада бўлиб ўтган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг (БМТ ИҲК) 48-сессиясида Ўзбекистон ташаббуси билан илгари сурилган COVID-19 пандемиясининг ёшлар ҳуқуқларига таъсири тўғрисидаги резолюция қабул қилинди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжатни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо 47 давлатнинг барчаси бир овоздан қўллаб-қувватлади, дея қайд этди вазирлик. Резолюцияни ишлаб чиқиш якунлари бўйича БМТ тизимидаги барча минтақавий гуруҳларни ифодаловчи 37 мамлакат уни қўллаб-қувватлади ва ҳаммуаллиф сифатида қўшилди.

«Ҳужжат давлатларни ёшлар учун тенг имкониятлар яратишга, COVID-19 пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш нуқтаи назаридан уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда кўмаклашишга чақиради. Резолюция шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари томонидан глобал пандемиянинг ёшлар ҳуқуқларига таъсирини камайтириш йўлларини батафсил тадқиқ этиш, шу жумладан, инсон ҳуқуқларини таъминлашда ёшларнинг, хусусан ёш аёллар ва қизларнинг камситилиш ҳолатларини аниқлаш бўйича қарор қабул қилади», — дея аниқлаштирди ТИВ.

Ҳужжат (pdf) БМТ тизимида расмий барча олтита тилда жойлаштирилган.

Қабул қилинган резолюциянинг ижроси тўғрисидаги ҳисобот 2022 йилнинг сентябрь ойида ИҲКнинг 51-сессиясида тингланади.

Пандемиянинг ёшлар ҳуқуқларига таъсири тўғрисидаги резолюцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ғоясини Шавкат Мирзиёев шу йилнинг февралида бўлиб ўтган ИҲТнинг 46-сессиясида билдирган эди.

Ўтган йили Ўзбекистон илк бор уч йил муддатга БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланган эди.