8 октябрь куни ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) Ўзбекистонда 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган президент сайловини кузатиш миссиясининг оралиқ ҳисоботини (PDF) эълон қилди.

Ҳужжатда таъкидланишича, Ўзбекистон сайлов қонунчилигини ислоҳ қилиш жараёнида ва ҳозиргача қабул қилинган ўзгартишларда ДИИҲБнинг аввалги тавсияларидан бир қанчаси ҳисобга олинган. Бу шу жумладан кампания тадбирлари тўғрисида хабар қилишнинг соддалаштирилган жараёни, кампания ўтказиш пайтида лавозимни суиистеъмол қилишга қарши баъзи чоралар, низоларни ҳал қилишнинг параллел йўлларини бартараф этиш ва кампания билан боғлиқ оралиқ молия ҳисобот талабларидан иборат.

Шунга қарамасдан, фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилишдаги бўшлиқларга доир аввалги тавсиялар кўриб чиқилмаганича қолмоқда. Улар орасида сайлов ҳуқуқларини чеклаш, мустақил номзодларни кўрсатишга тақиқ ва сайлов кампаниясини молиялаштиришнинг муқобил манбаларига оид тавсиялар ҳам мавжуд.

Бюро Марказий сайлов комиссиясининг фаолиятини ижобий баҳолади. Унинг йиғилишлари жамоатчилик учун очиқлиги ва реал вақт режимида эфирга узатилаётгани, барча қарорлар веб саҳифага жойланаётгани ва муддатларга амал қилинаётгани қайд этилган.

Сайлов кодексида кўзда тутилган умумий талабларга қўшимча равишда МСК давлат ОАВларида кўп миқдордаги эфир вақти ва босма материаллар учун майдонни ажратди. Қонунчилик даражасида барча номзодлар фаолияти ОАВда тенг ёритилиши кафолатланган бўлса-да, номзодларнинг эгаллаб турган лавозимларидаги фаолияти қонун билан кампания ташвиқоти тадбири сифатида қаралмайди, деб таъкидлади миссия.

МСК қарорлари билан батафсилроқ акс эттириладиган Сайлов кодекси халқаро ташкилотлар, партия фаоллари, ОАВ вакиллари ва фуқаролар йиғинлари вакиллари томонидан кузатувни таъминлайди, аммо аввал ДИИҲБ тавсия қилган оддий фуқаролар кузатувини таъминламайди.

Жорий йил Конституцияга киритилган ўзгартиш билан йиғилиш эркинлигини қонун ости актлар билан чеклаш тақиқланди, аммо йиғилиш эркинлиги бирон бир махсус қонун билан тартибга солинмайди. Бироқ, жиноят ва маъмурий қонунларда ноқонуний йиғилишлар ва рўйхатга олинмаган уюшмалар тақиқланади ва улар учун жазо тайинланган, дейилади ҳисоботда.

ДИИҲБ аввал ортиқча юк ҳосил қиладиган ва ихтиёрий қўллашга очиқ деб баҳолаган «сиёсий партияларни рўйхатдан ўтказишга доир қонун ҳужжатлари ҳамон ўзгартирилмаган».

Оғир жиноятлар учун қамоқ жазосини ўтаётган маҳбуслар, шунингдек суд томонидан, жумладан ақлий ва руҳий сабабларга кўра лаёқатсиз деб топилган фуқаролар овоз бериш ҳуқуқига эга эмаслиги демократик сайловга тегишли халқаро стандартларга зид, дея қайд этди бюро.

Халқаро илғор тажриба ва ДИИҲБнинг илгариги тавсияларига зид ўлароқ, сайловчилар рўйхатига киритилмай қолган, аммо Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида (СЯЭР) бор сайлов ҳуқуқига эга сайловчилар ўз шахсини ва яшаш жойини тасдиқласа, тегишли УСК сайлов куни сайловчилар рўйхатига киритиши мумкин. Уларнинг тегишли маълумотлари кейин СЯЭР тизимидан барча УСКда ўрнатилган компьютер терминали орқали текширилади.

Президент сифатида 35 ёшдан юқори, мамлакатда сайлов кунига қадар камида 10 йил яшаган ва ўзбек тилида эркин гаплашадиган фуқаролар сайланиши мумкин. ДИИҲБнинг аввалги тавсиясига қарши ўлароқ, мустақил номзод сифатида ўзини-ўзи рўйхатдан ўтказишга бўлган тақиқ амал қилишда давом этмоқда. Шунингдек, суд қарори билан лаёқатсиз деб топилган шахслар, ҳукм қилинган маҳбуслар, қасддан содир этилган жиноятлари учун судланишлари олиб ташланмаганлар ва дин ходимлари ҳам номзодларини кўрсата олмайди.

Сайлов кампанияси


Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

Сайлов кампанияси расман 20 сентябрь куни бошланди ва 22 октябрь куни ярим кечада тугайди. «Адолат» СДП партияси номзоди 29 сентябрь кунидан сайловолди ташвиқотини бошлаган бўлса, қолган тўртта номзод сайлов кампанияси бошиданоқ сайловчилар билан учрашувлар ўтказиб келмоқда.

Қонунчилик кампания олиб бориш учун тенг шароитлар яратишни, жумладан кампания материалларини тайёрлаш ва тарқатиш, сайловчилар билан учрашувлар ташкил этиш ва ОАВда текин эфир вақти ва босма материал майдонидан фойдаланишни назарда тутади. ДИИҲБ Сайловни кузатиш миссияси билан учрашган барча партия вакиллари тенг кампания шароити ва ОАВдан тенг фойдаланиш имкониятини таъкидлади.

Номзодлар 15 нафаргача «ишончли вакиллар»ни кўрсатишлари мумкин. Улар кампания олиб боришда ёрдам берадилар ва номзоднинг манфаатларини ифода этади. Ишончли вакилларни МСК рўйхатга олади ва ДИИҲБ СКМ кузатувига кўра кампания бошланишидан бери улар аксарият вилоятларда кампанияда фаол иштирок этишмоқда. Ҳар бир номзод вакилларнинг максимал сонини рўйхатдан ўтказди.

Маҳаллий ҳокимият органлари ва жамоат уюшмалари номзодлар ва вакилларга кампания тадбирларини ўтказишда камситмаслик асосида ёрдам кўрсатишлари шарт. 2021 йилдан бошлаб Округ сайлов комиссиялари номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларида кўмаклашмайди. ДИИҲБнинг аввалги тавсияларига мувофиқ, илгариги кампания тадбирларини тасдиқлаш тизими маҳаллий ҳокимият органларини тадбир ўтказишдан уч кун илгари хабардор қилиш билан алмаштирилди.

Сўнгги ўзгартишлар давлат ресурсларини суиистеъмол қилишни, жумладан давлат мансабдор шахсларининг кампанияда қатнашишини таъқиқлайди. Яъни, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, маҳаллий ижро органлари, ҳарбий хизматчилар, ДХХ ва бошқа ҳарбийлаштирилган тузилмалар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, судьялар, сайлов комиссиясилари аъзолари ва дин вакиллари ташвиқот қилиши тақиқланган.

Президент хизмат самолётидан фойдаланишда давом этди, дейилади ДИИҲБ ҳисоботида. «Сайлов кампанияси барча вилоятларда олиб борилмоқда, шунингдек у ижтимоий тармоқларда яхши кўзга ташланиб турибди. Бироқ, ҳозирга қадар, номзодлар ўртасида рақобатли кураш кузатилмади», — дейилади бюро хабарида.

Юзма-юз учрашувлар маҳаллалар ва туман даражасида олиб борилмоқда, уйма-уй юриб сайловчиларни аниқлаш партия вакиллари ва ишончли вакиллар томонидан ташкил этилган. COVID-19 билан боғлиқ умумий эҳтиёт чораларига қарамасдан, номзодлар бошчилигида сайловчилар билан каттароқ учрашувлар ҳам ўтказилмоқда. Ҳар бир партия турли хил ташвиқот материалларини, жумладан варақалар, партия газеталари ва плакатларни тарқатиб келмоқда. Баъзи вилоят марказларидаги рақамли билбордларда барча нозодларнинг видеороликлари намойиш этилмоқда.

Ижтимоий тармоқлар сиёсий партиялар ва баъзи номзодларга сайловчиларни ўз таклифлари ҳамда кампаниядаги фаолиятлари тўғрисида хабардор қилиш имкониятини яратиб беряпти. Сайлов кампаниялари платформалари асосан ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш, давлат хизматлари, соғлиқни сақлаш, таълим, одил судлов ва экологик тизимга оид масалаларга қаратилган, дея таъкидлади ДИИҲБ.

«Ҳозирги вақтда ушбу мавзуларнинг ҳеч бирини сайлов кампаниясида доминант деб атаб бўлмайди», — дейилади ҳисоботда.

Сайлов кампаниясини молиялаштириш

Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

2021 йилда «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида"ги қонунга киритилган ўзгартишларга кўра, илк бор кампанияни молиялаштиришнинг оралиқ ҳисоботини тақдим этиш мажбурияти киритилди. Ушбу ҳуқуқий нормаларнинг келгуси ижроси МСКнинг низомларида батафсилроқ тавсифланади.

Сиёсий партияларнинг кампания билан боғлиқ барча харажатлари давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.

2021 йилда жами 15,54 млрд сўм (1,25 млн евро) сайлов кампанияси харажатлари учун ажратилди, номзод кўрсатган беш партиядан ҳар бири тахминан 3,14 млрд сўмдан (250,74 минг евро) қўлга киритди.

ДИИҲБ билан мулоқот қилган барча партия вакиллари сайловолди кампания учун ажратилган маблағдан мамнун эканини маълум қилишди.

Ишлатилмаган маблағлар сайловдан кейин ёки партия номзоди сайловда иштирок этишдан бош тортса, давлат бюджетига қайтарилади. Кампания олиб бориш учун бошқа маблағлар, жумладан сиёсий партиялар ва номзодларнинг шахсий маблағлари, хусусий пул ёки натура шаклидаги хайриялар тақиқланган. Бундай хайриялар тақдим этган донорларга қайтарилиши лозим.

Сайлов кампаниясини молиялаштириш бўйича МСК оралиқ ҳисоботи — овоз бериш кунидан 5 кун аввал, қолаверса сайлов натижаси эълон қилинган кундан бошлаб 20 кун ичида якуний ҳисоботни тақдим этишдан иборат.

ОАВ


Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари муҳити кўп сонли давлат ва хусусий ахборот органлари чекланган реклама шароитида фаолият кўрсатиши билан тавсифланади, дейилади ҳисоботда. Сентябрда ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фазилов Ўзбекистонда 736 та давлат ва 1180 та хусусий медиа нашрлар фаолият юритаётганини маълум қилганди. International Media Service 2020 йил учун жами реклама бозорини 42 млн евро этиб баҳолаганди, унинг 67 фоизи эса (28,1 млн евро) телевидение орқали тарқатилади.

ДИИҲБ Сайловни кузатиш миссияси билан мулоқот қилган бир неча киши охирги йилларда оммавий ахборот муҳити яхшиланганини, жумладан ахборот олиш, ундан фойдаланиш яхшилангани ҳамда баъзи ижтимоий ва сиёсий масалаларда танқидий чиқишлар қилиш имконияти ошганини таъкидлади.

Бироқ, ДИИҲБ билан мулоқот қилган одамлар давом этаётган кўплаб эски муаммолар, жумладан журналист ва блогерларни қўрқитиш ва таъқиб қилиш, шунингдек, ОАВ фаолиятини чекловчи ҳуқуқий асослар ҳамон мавжуд эканлигини қайд этишди. Кўпчиликнинг фикрича, мазкур ҳар иккала омил ўзини ўзи цензура қилиш кенг тарқалишига катта ҳисса қўшади.

Гарчи 2019 йилда аввал блокланган кўплаб маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот органлари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари веб-сайтларига кириш тикланган бўлса-да, баъзиларини мамлакатда ҳамон очиб бўлмайди. 2 июлдан бошлаб, Twitter, TikTok ва VKontakte ижтимоий тармоқлари, шунингдек Skype ва WeChat тезкор мессенжерлари («мамлакат фуқароларининг шахсий маълумотларини қайта ишлашда қонунчилик талабларини бузиш» муносабати билан расман фойдаланиш чекланган) блокланган, дея таъкидланган бюро хабарида.

Конституция сўз эркинлиги ва ахборотдан фойдаланиш эркинлиги ҳуқуларини таъминлайди. Бироқ, ОАВ эълон қилинган ахборот учун жавобгар ва диний мавзудаги материалларни аввалдан тасдиқлатиб олиши лозим.

Гарчи Жиноят кодексига 2020 йил декабрида киритилган ўзгартишлар тухмат ва хақорат учун қамоқ жазосини бекор қилган бўлса-да, улар ҳамон жарима, ахлоқ тузатиш ишлари ёки уй қамоғи билан жазоланадиган жиноий қилмиш ҳисобланади.

Жиноят кодексига охирги икки йил мобайнида киритилган ўзгартишларга кўра, тухмат ва хақорат, жумладан президент номига тухмат ва ҳақорат учун жавобгарликни онлайн ОАВда ва ижтимоий тармоқларда тарқатиш, шунингдек хавфли юқумли касалликларнинг тарқалиши тўғрисида ваҳима қилиш ва ёлғон ахборот тарқатиш учун қамоқ жазоси киритилди, дея эслатмоқда ДИИҲБ.

«Журналистлар фуқароларнинг қадр-қимматини хақорат қилганлик ва ёлғон ахборот тарқатганлик учун жаримага тортилиши мумкин, айни пайтда блогерлар ва веб-сайтлар эгалари учинчи шахлар берган „контент“ ва фойдаланувчиларнинг изоҳлари учун жавобгар ҳисобланади», — дея таъкидланган ҳисоботда.

Қонунчилик давлат ОАВларида бепул эфир вақти ва босма майдон ажратилишини таъминлашни кўзда тутади. 17 сентябрь куни МСК ҳар бир номзодга республика миқёсида эфир учун 5 та миллий телеканалнинг ҳар бирида 3,5 соатдан, шунингдек 13 ҳудудий телеканалларнинг ҳар бирида — 140 дақиқадан, қолаверса, босма нашр учун 6 та республика ва 26 та вилоят газеталаридан жой ажратди.

«Номзодларга баҳс-мунозара ўтказиш имкониятини яратиш мақсадида МСК [шунингдек] 5 та миллий телеканалларда кампания даврида ҳар шанба кунига мўлжалланган эфир вақтларини захира сифатида сақлаб қўйди. Бироқ номзодлар аввалига бундай дебатларни ўтказишни келишиб олишлари лозим», — дея қайд этди ДИИҲБ.

Фото: МСК матбуот хизмати.

МСК қарори номзодларга тенг шароитларда давлат ва хусусий ОАВларда пуллик эфир вақти ва босма майдонни тақдим этиш имкониятини назарда тутади ҳамда барча номзодлар тенг ёритишини кафолатлайди. Шунга қарамасдан, номзодларнинг эгаллаб турган расмий лавозими юзасидан фаолиятининг ёритилиши ташвиқот тадбири деб ҳисобланмайди ва шунинг учун бу каби қарорлар билан тартибга солинмайди.

Бугунги кунда МСК Сайлов кодекси бузилишига оид шикоят қабул қилиб олмаган. Фақат сайловчиларнинг сайлов жараёнининг ташкилий жиҳатлари ҳақида маълумот бериш бўйича сўровлари қабул қилинган. Сайлов комиссияларининг қуйи бўғинларига ёки суд органларига ҳам шикоятлар келиб тушмаган, дейилади ДИИҲБ хабарида.

Бўлажак президент сайлови ЕХҲТ ДИИҲБ миссия иштирок этаётган тўққизинчи сайлов ҳисобланади. Миссия 1999, 2004, 2009, 2014, 2019 йиллардаги — парламент сайловларини ҳамда 2007, 2015 ва 2016 йиллардаги — президент сайловларини кузатди. 2016 йилги президент сайловида ДИИҲБ илк бор кенг таркибдаги миссия билан иштирок этганди. Худди шундай миссия 2019 йилги парламент сайловларини ҳам бевосита кузатган эди.

Миссия кузатув давомида Ўзбекистоннинг ЕХҲТ олдидаги сайловларни ўтказиш мажбуриятлари, шу жумладан, демократик сайлов стандартлари ва бошқа халқаро мажбуриятлар ҳамда миллий қонунчилик талабларидан келиб чиқиб, сайлов ўтказилиши жараёнларини баҳолайди.

Миссия Тошкентда жойлашган 11 нафар мутахассисдан иборат асосий жамоа ва мамлакатнинг барча ҳудудларида фаолият юритаётган 28 нафар узоқ муддатли кузатувчилардан иборат, уларни эса Оуэн Мерфи бошқаради. Бундан ташқари, сайловлардан бир неча кун олдин яна ЕХҲТга аъзо давлатлардан 250 дан ортиқ қисқа муддатли кузатувчилар етиб келади.