2021 йилги иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти америкалик иқтисодчиларга топширилди.

Дэвид Кард (Калифорния университети, АҚШ) «меҳнат иқтисодиётини ўрганишга эмпирик ҳисса қўшганлиги учун», Жошуа Энгрист (Массачусетс технология институти, АҚШ) ва Гуидо Имбенс (Стэнфорд университети, АҚШ)лар «сабаб-оқибат муносабатларини таҳлил қилишга методологик ҳисса қўшганликлари учун» Нобель мукофоти билан тақдирланишди.

«Бу йилги лауреатлар — Дэвид Кард, Жошуа Энгрист ва Гуида Имбенс — бизга меҳнат бозори ҳақида янги инсайтларни тақдим этишди ва табиий тажрибалардан сабаб ва оқибат ҳақида қандай хулосалар чиқариш мумкинлигини намоён қилишди. Уларнинг ёндашувлари бошқа соҳаларда ҳам тадбиқ этилди ва эмпирик тадқиқотда инқилобга олиб келди», — дейилади Нобель мукофоти қўмитаси хабарида.

Бу йилги мукофот пули 1,1 млн доллардан ортиқроқ бўлиб, унинг ярми Дэвид Кардга, қолган ярми эса Жошуа Энгрист ва Гуида Имбенсга бўлиб берилади.

2020 йилда иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти Пол Милгром ва Роберт Уилсонга аукционларнинг янги форматларини ихтиро қилганлиги учун топширилган эди.