Россия ҳукумати Ўзбекистондан 10 минг қурувчини мамлакатга жалб этиш бўйича тажриба лойиҳасини маъқуллагани ҳақида хабар берилган эди. Лойиҳа иштирокчилари суҳбат ва тиббий кўрикдан ўтишлари, шунингдек рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги асосларини билиши тўғрисидаги сертификатга эга бўлишлари кераклиги айтилган.

Мазкур лойиҳаси доирасида фуқароларни мамлакат ҳудудида тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиш учун тиббий асбоб-ускуналар билан Россиянинг 40 нафар тиббиёт ходимлари Ўзбекистонга етиб келди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар берди.

Фото: Ташқи меҳнат миграция агентлиги

Эндиликда, Россия ҳудудида ишлаш ҳуқуқини берувчи патент олишда талаб этиладиган тиббий кўрик Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Тошкентда ўрнатилган тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида Ўзбекистонда амалга оширилади.

«Ушбу тадбирлар Россияда ишлаш истагида бўлган кўплаб ўзбекистонликлар учун қўшимча имкониятлар яратиб, фуқароларнинг вақти ва харажатлари қисқаришига хизмат қилади», — дейилади хабарда.

Августда РБК мухожирлар сонининг камлиги кунлик иш ҳақларининг ошишига олиб келганини ёзган эди. Биринчи ярим йилликда уларнинг иш ҳақлари қарийб 25 фоизга ўсган.

Аввалроқ Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиянинг бир қатор салоҳиятли иш берувчилари томонидан Москва, Санкт-Петербург шаҳарлари, Амур, Новосибирск, Калуга, Тула, Мурманск, Калининград, Москва вилоятлари ҳамда Краснодар ўлкасида Ўзбекистон фуқаролари учун қурулиш соҳасида 10 мингта бўш иш ўринлари таклиф қилинаётгани ҳақида хабар қилган эди.