Адлия вазирлиги томонидан президентнинг аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратишга оид фармони ижроси юзасидан 29 та вазирлик ва идораларда ўрганиш ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Ўрганишлар натижасида вазирлик ва идоралар томонидан фармонда белгиланган талаблар бузилгани, айрим тадбирлар ижроси таъминланмагани аниқланган.

Хусусан, 1 июндан 18 турдаги маълумот ва ҳужжатларни аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан талаб қилиш бекор қилиниб, ушбу ҳужжатларни мустақил равишда, шу жумладан «Электрон ҳукумат» тизими орқали сўраб олиниши белгиланган. Шундай бўлса-да, фармон талаби бузилиб жами 3 256 та ҳолатда ҳужжатлар аҳолининг ўзидан талаб қилиб олинган.

Ўрганиш якунида аҳолидан ортиқча ҳужжатларни талаб қилиб олганлиги учун қуйидаги вазирлик ва идораларнинг раҳбар ходимлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 215−5-моддасига (Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчиликни бузиш) асосан маъмурий жавобгарликка (БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача) тортилди:

  • Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги;
  • Инновацион ривожланиш вазирлиги;
  • Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги;
  • Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси;
  • Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги;
  • Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги;
  • Алкогол ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги;
  • Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси;
  • Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси.

Шунингдек, ўрганилган 29 та вазирлик ва идоралардан 3 таси ўрганиш жараёнида, қолган 24 та вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг тизим идоралари ўрганиш якуни бўйича Адлия вазирлиги томонидан киритилган тақдимномаларга асосан «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформасига уланиши таъминланди.

«Бу эса ушбу давлат органларига улар томонидан хизмат кўрсатиш жараёнида аҳолини овора қилмасдан (ҳужжатларни аҳолидан талаб қилиб олмасдан) давлат хизматини кўрсатиш учун зарур бўлган ҳужжатларни ваколатли органлардан мустақил равишда сўраб олиш имконини беради», — дейилади хабарда.

Аниқланган қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида вазирлик ва идораларга 21 та тақдимнома киритилган.

Киритилган тақдимномалар натижасида давлат органлари ва ташкилотларининг 38 нафар маъсул ходимига интизомий жазо чоралари қўлланилган.