Бекободда янги футбол академиянинг очилиш маросими бўлиб ўтди

Бекобод шаҳрида «Металлург» ПФК қошида фаолият юритадиган «El Golazo Academy Powered by Real Madrid» футбол академиясининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, Ўзбекистон металлургия комбинати АО бошқаруви раҳбарияти, ўзбек футболи фахрийлари, шунингдек, «Реал Мадрид» клубининг яқин ўтмишдаги машҳур футболчиларидан бири Алваро Арбелоа ва бир қатор нуфузли меҳмонлар иштирок этди.

Фото: ЎФА матбуот хизмати

Тадбирда Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов мамлакат футболи тараққиёти йўлида фидойилик кўрсатаётган Тошкент вилояти ҳокимлигига, Ўзбекистон металлургия комбинати АО бошқарувига миннатдорчилик айтиб, яқин келажакда мазкур академия тарбияланувчилари орасидан машҳур футболчилар етишиб чиқишига тилак билдирди.

Шундан сўнг, «Реал Мадрид» U-14 жамоаси бош мураббийи бўлиб фаолият юритаётган Алваро Арбелоа Ўзбекистонга ташрифидан унутилмас таассуротлар олганлигини, қироллик клубининг анъаналари эндиликда юртимизда давом эттирилишидан хурсандлигини қайд этди.

Ўзбекистонлик ёш шорт-трекчи Москвада халқаро мусобақада ғолиб бўлди

Россиянинг Москва вилоятида шорт-трек бўйича болалар ўртасида халқаро турнир ўтказилди. Унда иштирок этган ўзбекистонлик спортчи 3 йўналишда ғалаба қозонди.

Фото: МОҚ ахборот хизмати

Кўплаб халқаро мусобақаларда ғолиб ва совриндорлар қаторидан ўрин олиб келаётган ўзбекистонлик Алимардон Маҳмудов 500, 777 ва 1000 метр масофаларга ўтказилган дастурда барча рақибларини ортда қолдирди. Мусобақада Россиянинг турли ҳудудлари ва қўшни республикалардан 100 нафарга яқин ёш шорт-трек усталари баҳс олиб боришди.

Усмон Тошев ЎФА терма жамоалар бўлими бошлиғи этиб тайинланди

Усмон Тошев Ўзбекистон футбол ассоциациясининг терма жамоалар бўлимида иш бошлади. Бунга қадар у «Нурафшон» клубининг бош директори лавозимида ишлаб келаётган эди.

Маълумот ўрнида, Усмон Тошев ФИФА инструктори сифатида катта тажрибага эга, у Ўзбекистонда энг биринчилардан бўлиб Про лицензияга эга бўлган мутахассис ҳисобланади.

У фаолияти давомида бир нечта клубларда, хусусан, «Андижон», «Насаф», «Майванд», «Тофан Ҳарирод»да бош мураббий сифатида ишлаган. Шунингдек, 2006 йил Ўзбекистон терма жамоасининг бош мураббийи ёрдамчиси, 2018 йилда Ўзбекистон У17 жамоаси бош мураббийи, 2018−2021 йиллар давомида Тожикистон терма жамоасининг бош мураббийи лавозимларида фаолият олиб борган.

Ўзбекистонлик оғир атлетикачи қизлар Жаҳон чемпионатида 4 та медалга сазовор бўлишди

Саудия Арабистонида ўтказилаётган оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида -71 кг вазн тоифасида иштирок этган Нигора Сувонова ҳамда Севинчой Комилова 4 та медалга сазовор бўлишди.

Даст кўтариш машқида 92 кг натижа кўрсатган Сувонова ўз ҳисобига кумуш медални ёзиб қўйди. Силтаб кўтариш машқида ҳар иккала спортчи шоҳсупага кўтарилдилар. Сувонова бу гал ҳам иккинчи натижани қайд этган бўлса, Комилова бронза медалини қўлга киритди.

Фото: МОҚ ахборот хизмати

Икки кураш якуни бўйича Сувонова кумуш медални ўзиники қилди. Бронза медали соҳибаси билан бир хил натижа қайд этган Комилова полшалик спортчидан кейин ушбу натижага етиб келгани учун тўртинчи ўрин билан кифояланди.

Ўсмирлар ўртасида ЖЧ, Жидда.

Қизлар, -71 кг:

  1. Зарина Гусалова (Россия) — 226 (103+123) кг;
  2. Нигора Сувонова (Ўзбекистон) — 206 (92+114) кг;
  3. Мартина Долега (Полша) — 195 (88+107) кг;
  4. Севинчой Комилова (Ўзбекистон) — 195 (84+111) кг.

Ўзбекистон U14 Чемпионати. Гуруҳ босқичи якунланди:


Ўзбекистон U14 Чемпионати. ¼ финал босқичига қуръа ташланди:


Ўртоқлик учрашуви. Ўзбекистон Амманда Малайзияни йирик ҳисобда таслим қилди

ФИФА кунларидан ўрин олган Ўзбекистон — Малайзия учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Голларга 17 ва 29-дақиқаларда Достонбек Ҳамдамов, 33-дақиқада Ҳусайн Норчаев, 45-дақиқада Бадрол Бахтиар, 67-дақиқада Иброҳимҳалил Йўлдошев ва 87-дақиқада Азизбек Амановлар муаллифлик қилишди.

Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси 12 октябр куни Иордания терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувида майдонга тушади.

Фото: ЎФА матбуот хизмати

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

«Иқтидор ва меҳнатни ўзида жамлаган спортчилар кам» — Олим Ҳикматов, эркин курашчи Бекзод Абдураҳмоновнинг устози

Эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Олим Ҳикматов «Газета.uz»га берган интервьюсида мураббийнинг спортчи ҳаётидаги ўрни, ғалаба учун муҳим омиллар, ўз шогирдларига нималарни уқтириши, Бекзод Абдураҳмоновнинг спортдаги йўли ва терма жамоанинг кейинги режалари ҳақида тўхталиб ўтди.