Ички ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқларда шахсий маълумотларни алмашишда эҳтиёткор бўлиша чорлади.

Вазирликнинг таъкидлашича, охирги пайтларда Telegram ижтимоий тармоғида товламачилик йўли билан даромад орттириш мақсадида бўлган айрим шахслар ижтимоий муҳандислик (social engineering) услуби билан фуқароларнинг шахсий ҳаётига оид маълумотларни (фотосурати, исми, шарифи, телефони, манзили ва бошқалар) тўплашга ҳаракат қилиш ҳолатлари кузатилган.

Уларнинг бундан мақсади кейинчалик ушбу маълумотларни фойдаланувчиларнинг шаъни ва обрўсига путур етказувчи «пост"лар кўринишида ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига пул маблағларини ундириш эканлиги таъкидланади.

ИИВнинг маълум қилишича, ҳозирги кунда Ўзбекистонда бундай товламачи каналлардан бир нечтаси аниқланган бўлиб, уларни юритувчилари хориж давлатларидан туриб фаолият кўрсатишади.

Фото: ИИВ матбуот хизмати.

Вазирлик томонидан ушбу ва бошқа турдаги жиноий фаолият билан шуғулланувчи барча каналларнинг юритувчиларини электрон манзиллари аниқланиб, ўрнатилган тартибда хорижий ҳамкорларни жалб қилган ҳолда терговга қадар текширувлар ўтказилмоқда.

Текширув якунлари юзасидан товламачилик қилаётган шахсларга нисбатан қонуний чора кўрилади.

«Афсуски, ҳозирги кунда мазкур жиноий каналларни блоклашнинг техник имкониятлари мавжуд эмас. Шунинг учун каналлар номи ошкор этилмайди», — дейилади ИИВ хабарида.

ИИВ фуқаролардан ўзингизнинг шахсий ҳаётига алоқадор бўлган маълумотларни ижтимоий тармоқларга қўймасликни ёки бегона гуруҳ ва каналларга тарқатмасликни, акс ҳолда товламачиларнинг қурбонига айланиш мумкинлигини эслатиб ўтди.