Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов «Янги Ўзбекистон» газетасига берган интервьюсида Афғонистон бўйича фикр билдирди.

Вазир ҳалигача Афғонистондаги вазият минтақадаги кескинликнинг омили бўлиб келаётганлигини қайд этди. «Ушбу мамлакат ҳудудининг турли қисмларида айрим террорчилик гуруҳлари фаолият кўрсатишда давом этаётгани ҳам бу фикрни ­тасдиқлайди», — деди вазир.

«Шундай бўлсада, биз Афғонистоннинг нафақат хавф-хатар ва таҳдидлар, балки минтақавий конструктив ва яратувчан лойиҳаларга асос бўладиган янги имкониятлар манбаси эканини назарда тутишимиз лозим. Биз Афғонистон халқаро изоляцияга тушиб қолиши ва жанубий чегарамизда „яккалаб қўйилган“ давлат пайдо бўлишига, ўтган асрнинг 90-йиллари охиридаги аҳвол такрорланишига йўл қўймаслик Ўзбекистон манфаатларига мос келади, деб ҳисоблаймиз», — дея таъкидлади Абдулазиз Камилов.

У Ўзбекистон ушбу масалага нафақат Афғонистоннинг яккаланиб қолишини бартараф этиш, шунингдек, мамлакатга инсонпарварлик ёрдами кўрсатилишини фаоллаштириш зарурлигидан келиб чиққан ҳолда ҳам ёндашаётганлигига эътибор қаратди.

«Биз бу мамлакат билан чегарани очдик ва биринчи галда зарур бўлган маҳсулотлар — озиқ-овқат, нефть маҳсулотлари ва электр энергияси етказиб беришни қайта йўлга қўйдик. Шунингдек, расмий Тошкент Афғонистоннинг хорижий банкларда музлатиб қўйилган давлат активларини қайта очишни ёқлайди ҳамда жаҳон ҳамжамиятини Афғонистонда ижтимоий, иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни давом эттиришга даъват этмоқда», — деди ТИВ раҳбари.

Вазир Афғонистонга ижтимоий-иқтисодий кўмаклашишни давом эттириш ва ривожланиш лойиҳаларини амалга ошириш гуманитар инқирознинг олдини олиш, вазиятни барқарорлаштириш ва мамлакатнинг низодан кейинги қайта тикланиши учун ўта муҳим эканини таъкидлади. «Бундай вазифаларни ҳал қилмай туриб, ушбу мамлакатда ва қўшни минтақаларда узоқ муддатли барқарорликни таъминлаш амалда мумкин эмас».

«Ўзбекистонда афғон йўналишида қандайдир пинҳона ёки мавҳум маъноли кун тартиби йўқ. Бизнинг нуқтаи назаримиз аниқ-равшан, ҳаракатларимиз шаффоф ва амалий мазмунга эга. Ўзбекистон Афғонистоннинг тинч ва мустақил давлат сифатида қарор топишидан манфаатдордир. Афғон замини минтақа мамлакатлари ва халқаро хавфсизлик учун бундан буён таҳдид солмаслиги керак. Барқарор, тинч ва фаровон Афғонистон кўпмиллатли афғон халқининг ҳамда халқаро ҳамжамиятнинг манфаатларига жавоб беради», — деди Абдулазиз Камилов.

Унинг фикрига кўра, Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик мустаҳкамланиши учун тўсиқ эмас, балки кўприк бўлиши керак. «Бунга халқаро ҳамкорларимиз билан биргаликда бундан кейин ҳам илгари суришни ният қилаётган трансафғон транспорт-коммуникация лойиҳалари кўмаклашади».

Абдулазиз Камилов Марказий ва Жанубий Осиёнинг минтақавий боғлиқлигига ҳам тўхталиб, бу бўйича ­Ўзбекистон ташаббусларининг амалга ошиши хавфсизлик таъминланишининг ўта муҳим муаммоларини ҳал қилиш ва икки минтақа мамлакатларининг узоқ муддатли ҳамкорлиги механизмлари қарор топиши учун зарурлигини таъкидлаб ўтди.

«Шу маънода, Марказий ва Жанубий Осиёнинг минтақавий ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резол­юцияси қабул қилиниши бўйича шериклар билан биргаликдаги ишлар давом этмоқда. Савдо-иқтисодий, транспорт, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда минтақавий ҳамкорликни илгари суриш масалалари ҳал этилмоқда», — деди у.

«Ўзбекистон президенти томонидан Жанубий Осиё билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича тақдим этилган дастур узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган. Афғонистонда рўй бераётган ҳукумат алмашинуви ушбу мамлакат, минтақа ва жалб этилган бошқа томонлар олдига сақланиб турган муаммоларни барқарорлаштириш ва сиёсий ҳал этиш нуқтаи назаридан кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни қўймоқда», — деди Камилов.

Эслатиб ўтамиз, 7 октябрь куни Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Кобулга ташрифи давомида Афғонистоннинг муваққат ҳукумати мамлакат «заминидан Ўзбекистонга қандайдир таҳдид ёки хавф чиқишига йўл қўймаслиги» бўйича «кучли ва аниқ кафолат» берганлигини маълум қилди. Шунингдек, у ўзбек тили ва маданияти «толибон» ҳукумати даврида ҳам ривожланишда давом этишини таъкидлади. Камилов яқин орада Термизда иккала давлатнинг ишчи гуруҳлари музокаралари ўтказишини ҳам маълум қилди.