8 октябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) Феруза Эшматова журналистлар билан мулоқот давомида Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Гулнора Каримова атрофидаги гап-сўзларга ҳам изоҳ берди, деб хабар қилди «Газета.uz» мухбири.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатда 200 дан ортиқ жазони ижро этиш муассасалари мавжуд ва омбудсман уларга режа асосида ташриф буюради.

«Аёллар колониясига (Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 21-сонли умумий тартибдаги аёллар колонияси, у ерда ҳозир Гулнора Каримова сақланмоқда — таҳр.) ўзим ҳам бир неча маротаба борганман, шу жумладан мониторинг ташрифи билан ҳам. (Гулнара Каримова билан — таҳ.) суҳбат бўлган», — деди у.

Маҳкуманинг қизи Иман Каримова июль ойида у ва адвокатлар Гулнора Каримова билан кўриша олмаётганини хабар қилганди. «Мен уни кўришга ҳаракат қилиш учун Ўзбекистонга қайтиб келдим, бироқ ҳукумат уни ташқи дунё билан алоқа қилмасдан ушлаб туриш учун сабабларни ўйлаб топмоқда. Ҳатто адвокатлар, телефон қўнғироқлари, хатлар ва бошқалар киришини тақиқлашмоқда», — деб Инстаграмда ёзган эди.

Феруза Эшматова томонлар коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантин чекловлари туфайли улар учраша олмаганини таҳмин қилди. «Ҳозир шахсан уларнинг ўзларидан бизга бунақа мурожаат келиб тушгани йўқ», — деди у.

Омбудсманнинг қўшимча қилишича, ҳозирда «Республика махсус комиссия томонидан пандемия сал юмшатилгани муносабати билан ҳозир яна қисқа муддатли учрашувлар тикланган».

Маҳкуманинг ҳимоячиси Фанни Маргайраз Le Temps газетасига 7 ва 8 сентябрь кунлари 2019 йилнинг июнь ойидан бери қамоқхонада мижози билан учраша олмаганини маълум қилганди. «Бу сафар биз у билан ўзбекистонлик адвокат ва таржимон ҳузурида кўришишга муваффақ бўлдик. Унинг қўлларида бир қанча кўкаришлар бор эди», — дея таъкидлади у.

Феруза Эшматова Гулнора Каримова сақланаётган колонияда қайтадан мониторинг ўтказилишини маълум қилди.

«Биз ҳали ҳам мониторинг ўтказамиз, чунки, биз у ерга бориб келгандик. Мен у билан кўришгандим. Мен у билан кўришганимда ҳаммаси яхши эди. Бизда яна [мониторинг] бўлади, чунки мониторингдан кейин яна қайтадан текширамиз», — деди у.

Унинг аҳволи яхшими деган саволга Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили қисқа қилиб, «ҳа», деб жавоб берди.

Гулнора Каримова 2019 йилнинг баҳоридан бери 21-сонли колонияда жазосини ўтамоқда. 2020 йилнинг март ойида Олий суд у 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинганини хабар берганди.