20−24 сентябрь кунлари ўтказилган ўрганишлар давомида республика бўйича табиий газдан 67 та ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди, деб хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Ушбу қисқа 4 кун ичида 1 миллон 379 минг куб метр табиий газдан ноқонуний фойдаланилган. Ушбу ҳажмдаги табиий газ ҳозирги кунда 130 мингта хонадоннинг 1 кунлик газ истеъмолини ташкил қилади.

Мазкур ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг энг кўпи Хоразм, Фарғона ва Тошкент вилоятларига тўғри келмоқда.

«Шу ўринда жорий йилнинг 9 ойида республика бўйича табиий газдан жами 2 минг 535 та ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Бунинг натижасида 86 млн 923 минг куб метр ёки 77 млрд 877 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланилган», — дейилади хабарда.

Таққослаш учун ушбу миқдордаги газ ҳажми ҳозирги кунда 40 мингта хонадоннинг қарийиб 1 йиллик истеъмолини ташкил этади.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Вазирликнинг қўшимча қилишича, газ таъминоти доирасида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни беталофат ўтказиш бўйича олиб борилган чора-тадбирлар натижасида умумий ишларнинг 96 фоизи бажарилган.

Жорий йилда газ тармоқларини тартибга келтириш натижасида 283 мингта аҳоли хонадонларининг табиий газ таъминоти яхшиланади.

Куз-қиш мавсумида табиий газ таъминоти бўйича юридик истеъмолчиларга 18 млрд куб метр, аҳоли истеъмолчиларига эса 11 млрд куб метр табиий газ етказиб берилади. Бу эса, ўтган мавсумга нисбатан 3 млрд куб метрга кўпни ташкил қилади. Шунингдек, куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга 318 минг 600 тонна суюлтирилан газ етказиб берилади. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 13 минг тоннага кўп.

Бироқ, ишлаб чиқариш ва етказиб бериш ҳажми қанчалик оширилмасин, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва хонадонларнинг энергия самарадорлигига эътибор берилмаса, кўрилаётган чоралар самарсини бермаслиги мумкин, дейилади хабарда.

Натижада тармоқда узилишлар юзага келиши ва истеъмолчиларнинг эътирозларига сабаб бўлиши мумкин. Қолаверса, табиий газдан ноқонуний ва самарасиз фойдаланиш ҳолатлари ҳам тизимга катта миқдорда салбий таъсирини кўрсатиши қайд этилган.