Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов «Янги Ўзбекистон» газетасига берган интервьюсида йирик давлатларнинг Марказий Осиёдаги рақобати ҳақида фикр билдирди.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда йирик давлатларнинг рақобати глобал миқёсда давом этмоқда ва уларнинг геосиёсий рақобати «баъзан очиқ-ойдин ва ҳатто қатъий тус олмоқда».

«Албатта, айрим глобал жараёнларнинг йирик иштирокчилари ўртасида зимдан ва баъзан муросасиз тарзда олиб борилаётган қарама-қаршилик оқибатлари жаҳоннинг турли минтақаларида, жумладан, Марказий Осиёда ҳам кузатилмоқда», — деди у.

Бундан ташқари, ТИВ раҳбарининг таъкидлашича, «минтақамиз қатор маълум омиллар туфайли тарихан йирик давлатларнинг геосиёсий манфаатлари ва яширин даъволари ўзаро тўқнашадиган жозибадор жой бўлиб қолмоқда».

«Шунинг учун ҳам, агар Марказий Осиё давлатлари ўз суверенитети ва давлат мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, минтақада ижобий сиёсий вазиятни яратиш учун зарур чораларни кўрмаса, йирик кучларнинг ўзаро рақобати минтақамизда кескинлик келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин», — деб ҳисоблайди вазир.

Абдулазиз Камиловнинг таъкидлашича, Марказий Осиёдаги жараёнларда иштирок этаётган йирик давлатларнинг манфаатлари баъзан умумий нуқталарга эга бўлиш билан биргаликда, айрим ҳолларда ўзаро зиддиятли ҳамдир.

«Бу манфаатлар қанчалик хилма-хил бўлсада, улар мавжуд ва тарихий, жўғрофий омиллар ҳамда глобал тенденциялар билан чамбарчас боғлиқ. Шубҳасиз, бундай давлатлар интилишлари тўқнашуви минтақа мамлакатлари манфаатларига жавоб бермайди, чунки улар Марказий Осиё давлатлари олдига баъзан „геосиёсий танлов“ шартини қўяди. Бунда бир томонга ёндашиш бошқа томон билан муносабатларда кескинликни келтириб чиқариши мумкин», — деди у.

ТИВ раҳабри ҳар қандай суверен давлат халқаро майдонда «ташқи кучларнинг манфаатларига қараб эмас», ўз эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда эмин-эркин ҳаракат қилишни, «ўз иродасини турли томонлар босимига бўйсундирмасликни» хоҳлашини қайд этди.

«Аммо замонавий халқаро муносабатлар тизими „ассиметрик манфаатлар“ билан боғлиқ вазиятлардан мустасно эмас. Бизнинг ташқи сиёсатимиз ана шундай вазиятларнинг олдини олишга, миллий манфаатлар поймол бўлишига йўл қўймасликка, Ўзбекистон билан шерикликдан манфаатдор бўлган ҳар бир томон учун тенг ҳуқуқли, ўзаро манфаатли муносабатларни таъминлашга қаратилган», — деди вазир.

Абдулазиз Камилов «биз дунёнинг йирик давлатлари рақобати минтақамиз мамлакатлари учун салбий оқибатларга олиб келишини истамаймиз», дея таъкидлади.

«Ахир тарихга назар ташлайдиган бўлсак, афғон можаросининг келиб чиқиши дунё бўйича тарқалган иккита сиёсий тизимнинг „совуқ уруш“ йилларидаги глобал қарама-қаршилиги билан боғлиқ эканини кўриш мумкин», — дея эслатди у.

ТИВ раҳбари Ўзбекистон «у ёки бу позицияни танлашда фақат маълум ташқи кучларнинг фойдасинигина кўзлашга мажбур бўлмаслиги» кераклигини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, мамлакат сиёсати ва аниқ халқаро масалалар бўйича позициялари, энг аввало, миллий манфаатлар, ­шунингдек, минтақанинг хавфсизлиги ва тараққиётини таъминлаш зарурати билан боғлиқ.

«Ўзбекистон Марказий Осиёнинг глобал ва минтақавий кучлар ўртасидаги рақобат минтақаси ёки „ким каттароқ дов тикса, бутун ютуқни ўзига оладиган“ ўйин („zero sum game“) майдонига айланишидан манфаатдор эмас. Аксинча, биз минтақамиз барча кучларнинг ўзаро ҳамжиҳатлик ва конструктив ҳамкорлик макони бўлиши тарафдоримиз. Ҳар бир иштирокчи ўз манфаатини топа оладиган шароитни таъминлашга қаратилган тенг ҳуқуқли ва муштарак манфаатлар асосида қурилган мулоқот тарафдори сифатида ўз ташқи сиёсатимизни қатъий давом эттирамиз», — дея таъкидлади у.

Zero sum game — жаҳон сиёсатида бир иштирокчининг (ёки гуруҳнинг) ғалабаси бошқа иштирокчи/иштирокчиларнинг кафолатланган мағлубиятига олиб келишини англатувчи термин.

Вазир антагонистик рақобатнинг оқилона муқобили — адолатли ва очиқ ­беллашув эканлигини айтди.

2020 йилнинг февраль ойида АҚШнинг собиқ давлат котиби Майкл Помпео Тошкентдаги брифингда Марказий Осиё давлатлари ТИВ раҳбарлари билан Шинжондаги уйғур мусулмонларига нисбатан репрессияларни муҳокама қилмоқчилигини таъкидлаган эди. Ўшанда Хитой халқ республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси уни «дунёдаги муаммолар сабабчиси» деб атаб, Хитойга туҳмат қилишда айблаган эди.

Абдулазиз Комилов Хитой инвестициялари таҳдиди борасидаги саволга Ўзбекистон ташқи сиёсатида минтақа мамлакатлари билан яхши муносабатни ўрнатиш устувор вазифа ҳисобланишини айтган эди.

«Биз Марказий Осиёни барқарор ривожланаётган, фаровон ва ҳамкорлик минтақаси сифатида кўришни истаймиз. Қолаверса, минтақадаги катта, буюк кучлар ўртасидаги мусобақага алоқадор қандайдир исталмаган ҳолатда қолишни истамаймиз», — деган эди у.