8 октябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Франциянинг фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Аурелиа Бушезни қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Вазир элчини масъулиятли лавозимга тайинлангани билан табриклади. Элчининг касбий тажрибаси Ўзбекистон ва Франция муносабатларини янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилишига умид билдирилди.

Томонлар икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини кўриб чиқишди. Сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, парламентлараро муносабатларни ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни, маданий-гуманитар ва туризм соҳаларидаги алмашинувларни жадаллаштириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Аурелиа Бушез илгари Франциянинг Озарбайжон элчиси ва Европа Иттифоқининг Қозоғистондаги делегацияси раҳбари сифатида ишлаган.

Франциянинг Ўзбекистондаги олдинги элчиси (2019−2021 йилларда) Изабелле Сервоз-Галлуччи бўлган.