Кеча, 5 октябрь куни Kun.uz нашри Шаҳрисабз туманида жойлашган 58-мактаб жисмоний тарбия ўқитувчиси Назрулло Шукруллоев мурожаатини эълон қилди. Ўқитувчининг маълум қилишича, мазкур мактабдаги спорт залининг поли батамом чириб кетган. Янги ўқув йилида ўқувчилар чириган пол устида шуғулланишга мажбур бўлмоқда.

«Н.Шукруллоевнинг ёзишича, у жорий йилда ҳолат ҳақида 4−5 марта турли ташкилотларга мурожаат қилган. Аммо натижа бўлмаган. Ўйлаймизки, вилоят Халқ таълими бошқармаси мутасаддилари мазкур муаммога эътибор қаратади», — дейилади хабарда.

Фото: Kun.uz

Ҳолат бўйича Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати муносабат билдирди.

Унга кўра, мазкур ҳолат тегишли масъуллар иштирокида ўрганилмоқда.

Хабарда ёзилишича, Шаҳрисабз тумани халқ таълими бўлимига қарашли 58-умумий ўрта таълим мактаби «Ғилон» МФЙга қарашли «Ғилoн» қишлоғида жойлашган. Мактаб 1967 йил қурилган ва 2014 йилда 200 ўринли янги ўқув биноси қурилган.

Мавжуд 2 та 240 ўринли ўқув бинолари мукаммал таъмирланган. 2019 йилда мактаб филиалига Инвестиция давлат дастури асосида 96 ўринли ўқув биноси қурилган.Жами қуввати бугунги кунда 776 ўқувчи ўринли, ўқувчилар сони 557 нафар, навбатлилик коеффиценти 0.7 фоиз ва мактабнинг умумий ер майдони 1.75 гектарни ташкил этади. Мактабнинг 12×24 метр ўлчамдаги спорт зали 2007 йил қурилган. Мактаб тоғли ҳудудда жойлашганлиги, ер ости сувлари ер юзасига яқинлиги, намгарчилик юқорилиги натижасида спорт залининг пол қисми жуда тез вақтда яроқсиз ҳолатга келган.

Фото: Kun.uz

Қайд этилишича, 2022 йил «Маҳаллий бюджет» ҳисобидан мактаб спорт залининг пол қисми янгидан таъмирлаш режалаштирилган.

Ҳозирда мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, мактаб спорт залини бирламчи таъмирлаш чоралари кўрилаётгани айтилди.

Май ойида Халқ таълим вазири Шерзод Шерматов 2018−2020 йилларда 2615 та мактабни реконструкция қилиш ва қуриш учун 2016 йилга ва ўтган йилларга нисбатан 3−4 баравар кўп маблағ ажратилганлигини маълум қилган эди. Унга кўра, 2021 йилда инвестиция дастури доирасида 689 та мактабни таъмирлаш, 23 тасини қуриш режалаштирилган.

«Шу билан биргаликда, аҳолининг ўсиши ва йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар ҳисобига 3000 дан ортиқ таъмирталаб мактаб бор (135 тасини қуриш, 1177 тасини реконструкция қилиш, 1695 тасини капитал таъмирлаш керак). Уларнинг ёнига спорт зали, ошхонаси, буржуй печкаси, атрофини ўраши каби муаммоларни қўшсак, тахминан 36 трлн сўм (Марказий банкнинг 4 майдаги курси билан 3,5 млрд доллар) маблағ талаб этилади. Лекин бизнинг бир йиллик инвестиция дастуримиз 2 трлн сўм атрофида маблағ бўлади», — деган эди у.

Шерзод Шерматовнинг таъкидлашича, 2018−2020 йилларда Ўзбекистонда 57,7 мингта янги уйлар қурилган бўлса, атиги 56 та янги мактаб бунёд этилган, яна 158 та мактаб қуриш талаб этилади.