Тошкент давлат иқтисодиёт университети («Нархоз») собиқ проректори Идиев Нодир Фозиловичга нисбатан қидирув эълон қилингани ҳақида хабар берилган эди.

Бухоро вилояти ИИБнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, у 2 млн долларни ўзлаштирганликда гумонланмоқда.

«Асакабанк» маълумотларига кўра, Нодир Идиев банкнинг ички аудит хизмати бошлиғи лавозимларида фаолият олиб борган.

«Асакабанк» матбуот хизматининг «Газета.uz» га маълум қилишича, 2017 йилда банкнинг собиқ амалдорлари мақсадли кредитларни ўзлаштириш билан боғлиқ ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўйган.

«Бу қонунбузарлик тўғридан-тўғри банкнинг ички аудит хизматлари томонидан аниқланди. Айнан банк ўз ташаббуси билан бу ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва қўшимча тергов ҳамда процессуал чоралар кўриш учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар берди», — дейилади хабарда.

«Асакабанк» банк операциялари пайтида содир этилиши мумкин бўлган ҳар қандай ноқонуний ҳаракатларни кескин қоралайди ва бундай ҳолатларга шубҳа қилинган тақдирда, вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш учун дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини жалб қилади.

Июль ойида «Асака банк» АЖ Бухоро вилояти филиали собиқ мансабдори «Осиё тараққиёт банки» маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган 2 млн АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредит маблағларини сохта ҳужжатлар асосида фирибгарлик йўли билан қўлга киритмоқчи бўлгани тўғрисида хабар берилганди.

Кеча «Газета.uz» сўровига биноан Тошкент давлат иқтисодиёт университети матбуот хизмати собиқ проректор Нодир Идиевнинг 2021 йил июль ойида меҳнат таътилига чиқиб кетганлиги ва шу билан қайтиб келмаганлигини айтган эди. Август ойида эса унга нисбатан қидирув эълон қилинган. Университет матбуот хизматига кўра, қидирувдаги шахснинг жиноятлари «университет билан умуман боғлиқ эмас».

Айни вақтда Нодир Идиевга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (кўп миқдордаги фирибгарлик) ва 209-модда «а» банди (Мансаб сохтакорлиги, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан) билан жиноий иш қўзғатилган. Ҳуқуқий жиҳатдан кўп миқдордаги фирибгарлик деганда БҲМнинг 500 ёки ундан кўпроқ баравари (135 млн сўм ва кўпроқ) тушунилади.