Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 6 октябрь куни Америка Қўшма Штатлари Конгресси Вакиллар палатасининг конгрессменлар Дон Бэйкон, Дуг Ламборн, Трой Нельс ва Август Пфлюгердан иборат делегациясини қабул қилди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

АҚШ делегацияси икки томонлама парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир келишувлар доирасида Ўзбекистонда бўлиб турибди.

Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Давлат раҳбари парламентлар даражасидаги фаол алоқалар ва самарали алмашинувларни, улар Ўзбекистон-АҚШ стратегик шериклик муносабатларини жадал ривожлантиришга катта ҳисса қўшаётганини юксак баҳолади.


«Конгрессменлар Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган янгиланишлар стратегияси мамлакат барқарор тараққиётининг муҳим омили экани ҳамда унинг халқаро майдондаги обрўси сезиларли даражада юксалишига хизмат қилганини алоҳида таъкидладилар», — дейилади хабарда.

Шунингдек, Афғонистондаги инсонпарварлик операциялари қўллаб-қувватлангани учун самимий миннатдорлик билдирилди.

Суҳбат чоғида парламентлараро йўналиш билан бир қаторда АҚШ делегацияси аъзолари вакиллик қилаётган етакчи штатлар — Небраска, Колорадо ва Техас билан ҳамкорлик бўйича лойиҳа ва дастурлар муҳокама қилинди.

Инновациялар ва саноат технологиялари, IT соҳаси, қишлоқ хўжалиги, «яшил» энергетика, соғлиқни сақлаш ва таълимда кооперацияни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида қўшма «йўл харита"сини тайёрлаш ва ишбилармонлик миссияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.