Афғонистоннинг собиқ президенти Ашраф Ғани август ойида Ўзбекистон ҳудуди орқали мамлакатни тарк этиб, у ердан Қозоғистон авиакомпанияси лайнерида БААга учиб кетган, дея ёзмоқда «РИА новости» нашри. Маълум қилинишича, бу ҳақда мамлакатнинг собиқ раҳбари атрофида бўлган манба ва Flightradar маълумотларига таяниб Афғонистоннинг Hasht e Subh Daily нашри хабар қилган.

Нашрнинг Ғани билан Кобулдан қочганлар орасида бўлгани айтилган манбасига кўра, 15 август куни мамлакатдан қочиш учун президент саройи ҳудудида фавқулодда вазиятлар учун махсус сақланадиган бир нечта вертолётлардан фойдаланилган.

«Ўзбекистондаги Термиз шаҳрига қўнган тўртта вертолётда жами 54 кишидан 22 нафари ҳарбий ҳаво кучларининг учувчилари, икки нафари BBC учувчилари ва техник ходимлари, қолган 22 нафари президентнинг тансоқчилари эди. Уларлан ҳеч бирининг [ёнида] паспорти бўлмаган», — қайд этган манба нашр билан суҳбат чоғида.

Ғани ва унинг ҳамроҳлари Ўзбекистон ҳудудида бир суткадан кўпроқ вақт ўтказганлар. Нашр манбасига кўра, улар мамлакатга кириб келган афғонларнинг «ҳар бир ҳатти-ҳаракатини» кузатган ва ҳатто «бир-бирлари билан гаплашишга» ҳам рухсат бермаган ўзбек ҳарбийлари назорати остида бўлишган.

«Душанба куни, тушлик пайтида, 31 соатлик ноаниқликдан сўнг, ҳеч қандай давлат ёки тижорат рамзларига эга бўлмаган кичик оқ рангли самолёт Термиз аэропортига келиб қўнди», — дейди нашр манбаси.

Нашрнинг таъкидлашича, Fightradar хизмати маълумотига кўра, гап Термиздан Абу-Дабига парвозни амалга оширган Қозоғистоннинг FlyJet авиакомпанияси самолёти ҳақида кетмоқда. «Айнан шу самолётда Ашраф Ғани ва унинг 53 шериги Термиздаги 31 соатлик тўхташдан сўнг 16 август куни соат 23:00 да Абу-Дабига учиб кетишган», — деб ёзади нашр.

Нашр манбасига кўра, 3,5 соатдан кейин самолёт Абу-Даби аэропортига қўнган, у ерга келганларга «бир неча араб эркаклари» яқинлашиб, Ғанини кутиб олишган. Манба Абу-Дабида Афғонистондан келганларга Ўзбекистонда кўрсатилмаган «ҳурмат» билан муносабатда бўлишганини қайд этди.

«Ашраф Ғани аэропортни тарк этган пайтдан бери мен на уни, на бошқа амалдорларни кўрмадим», — дея таъкидлаган манба. Шунингдек, у БАА расмийлари уни ва Афғонистондан келган бошқа одамларни «бу мамлакатда қолишлари мумкин эмаслиги» тўғрисида огоҳлантирганини қўшимча қилган.

Август ойининг бошида Толибон Афғонистон ҳукумат қўшинларига қарши ҳужумни кучайтирди, 15 августда жангарилар Кобулга кириб келишди ва эртаси куни уруш тугаганини эълон қилди. Август ойининг охирги икки ҳафтасида АҚШ ҳарбийлари ҳимояси остидаги Кобул аэропортидан Ғарб давлатлари фуқаролари ва улар билан ҳамроҳликда бир гуруҳ афғонлар оммавий эвакуация қилинди.

31 августга ўтар кечаси АҚШ ҳарбийлари Кобул аэропортини тарк этиб, АҚШнинг Афғонистондаги қарийб 20 йиллик ҳарбий ҳаракатларини тўхтатди. Сентябрь ойи бошида Афғонистон муваққат ҳукумати таркиби эълон қилинди. Муваққат ҳукуматга «Толибон» биринчи ҳукмронлиги даврида ташқи ишлар вазири бўлган ва 2001 йилдан бери БМТ санкциялари остида бўлган Муҳаммад Ҳасан Охунд раҳбар бўлиши маълум қилинган.

17 сентябрда Дунё ахборот агентлиги расмий маълумотларга таяниб, Ашраф Ғани, Абдул-Рашид Дўстум ва бошқа Афғонистон етакчилари Ўзбекистонда эмаслигини маълум қилган эди.