Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги товар айланмаси охирги уч йил ичида уч бараварга ўсди, дея маълум қилди президент Шавкат Мирзиёев сешанба кунги брифингда.

Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, иккала мамлакат ўртасидаги товар айланмаси 2017 йилдаги 177,4 млн доллардан 2020 йилда 527,1 млн долларга кўтарилган.

«Бизнинг товар айланмамизда бундай рақам йўқ эди. Пандемиянинг барча қийинчиликларига қарамасдан жорий йилда биз ўзаро савдони 25%га оширишга муваффақ бўлдик… Бу бизнинг муносабатларимизда яхши, аниқ қонуний база яратилганлигини англатувчи реал рақамлар», — дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтиради «Газета.uz» мухбири.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, чегараолди савдо марказини тузиш тўғрисидаги битим, шунингдек, учинчи мамлакатлардан импорт қилинадиган товарлар ўрнини Ўзбекистон ва Туркманистонда ишлаб чиқариладиган ва иккала мамлакат бозорида талабгир бўлган рақобатбардош маҳсулотлар билан алмаштириш тўғрисидаги келишув ўзаро савдонинг ўсишига олиб келади.

Унинг сўзларига кўра, томонлар саноат кооперациясини муҳокама қилишган, шу билан бирга, энергетика, қишлоқ хўжалиги, саноат, кимё, транспорт ва логистика соҳаларида аниқ лойиҳаларни амалга ошириш ва ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олишган.


Шавкат Мирзиёев автомобилларни йиғиш, электротехник маҳсулотлар, қурилиш материаллари, пахтани қайта ишлаш ва боғдорчилик маҳсулотлари, логистик инфратузилмани яратиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида йўл харитаси қабул қилинишини таъкидлади.

«Биз туризм соҳасида ҳам кластерлар тузиш бўйича келишувга эришдик. Аслида бизда бренд шаҳарлар мавжуд», — деди у.

Шавкат Мирзиёев ҳудудлараро ҳамкорликни фаоллаштириш масалаларига ҳам эътибор қаратди, шунингдек, Лебап ва Дошоғуз вилоятлари делегацияларининг Бухоро ва Хоразм вилоятларига бўлган самарали ташрифларини қайд этди.

Президентнинг таъкидлашича, чегараолди вилоятларнинг тўғридан-тўғри доимий мулоқоти, шунингдек, Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудларининг ҳарйиллик форумини ўтказиш иқтисодий ҳамкорликнинг ўсишига хизмат қилади. Ушбу форматдаги учрашувларнинг биринчиси 2022 йил Хивада бўлиб ўтади.

Транспорт соҳасидаги ҳамкорлик йўналишида иккала мамлакат ўртасидаги юк ташиш йил бошидан 15%га ўсган. Томонлар келгусида ҳам транспорт коридорларидан, шу жумладан «Ашхобод келишуви»дан (Эрон, Уммон, Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги халқаро транспорт ва транзит коридори), самарали фойдаланиш учун керакли шароитларни яратишга келишишди.

«Биз туркман дўстларимиз билан „Туркманбоши“ денгиз портининг ноёб салоҳиятидан келгусида ҳам фойдаланишни кўзлаяпмиз. Бугун ҳам ушбу денгиз порти орқали Европага чиқишни муҳокама қилдик», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президетнинг айтишича, сув ва экология мавзулари, иқлим ўзгариши масалалари мамлакатлар иқтисодиёти учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу муносабат билан, президент сув хўжалиги масалалари бўйича ўзбек-туркман қўшма комиссияси ўз ишини бошлаганлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, ўтган ҳафта Ўзбекистон Туямуйин сув омборининг Султонсанжар қўрғонини реконструкция қилиш лойиҳасини амалга оширишни бошлади.

«Биз бу ҳақда кўп йиллар гапирганмиз, лекин, ваниҳоят, энди бу борасида олдинга силжиш керак деган хулосага келдик. Чунки сув муаммоси фақат бизнинг минтақада эмас — бу бутун дунёда мавжуд муаммо. Бу жуда жиддий ва кенг муаммо. Мана бизда ҳеч қандай масалалар бўлмаслиги учун биз сув муаммолари бўйича 10−20−30−50 йил олдинроқ ишлаяпмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Унинг сўзларига кўра, ушбу лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистон «лойиҳа узоқ йиллар давомида бизнинг мамлакатларимиз фаровонлигига хизмат қилиши учун саводли лойиҳалаштирувчиларни, халқаро экспертларни» жалб қилган.

Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари Афғонистондаги вазият бўйича ҳам фикр алмашишди. Уларнинг фикрига кўра, Афғонистондаги вазият Марказий Осиё минтақасининг барқарор ривожланишига таъсир кўрсатади.

Шунингдек, давлат раҳбарлари мамлакатларимиз ва бутун минтақа халқининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича биргаликдаги ёндашувларни ишлаб чиққан ҳолда «шифокорлик дипломатияси»нинг мақсад ва вазифаларини бирга амалга ошириш бўйича келишиб олишди.

Шавкат Мирзиёев Ашхободда «Тошкент» боғининг қурилгани учун Гурбангули Бердимуҳамедовга миннатдорчилик билдирди.

«Гурбангули Мяликгулиевич ушбу лойиҳа устида бизнинг халқимиз қадриятларига риоя этган ҳолда, эҳтиёткорона ишлаётганини мен биламан», — деди у ва Тошкентдаги «Ашхобод» боғи пойтахт аҳолиси ва меҳмонларининг севимли жойларидан бирига айланганини таъкидлади.


Бундан ташқари, давлат раҳбарлари иккала мамлакатнинг қонунчилик органлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳимлигини таъкидлашди ва парламентлараро диалогни, жумладан Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Туркманистон Милли Генгеши Межлисида фаолият олиб борадиган ҳамкорлик бўйича парламент гуруҳлари ишларини ҳам янада фаоллаштириш кераклиги қайд этилди.

Президент Гурбангули Бердимуҳамедов музокаралар натижалари билан қониқганлигини маълум қилди.

У барқарор энергетика соҳасидаги ҳамкорликка тўхталиб, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг минтақадаги йирик лойиҳаларни, хусусан «Туркманистон — Ўзбекистон — Қозоғистон — Хитой» газ қувурлари, амалга оширишда иштирок этаётганлигини таъкидлади. Бундан ташқари, томонлар Марказий Осиёдан Жанубий Осиёга электр энергиясини етказиб бериш ҳажмларини оширишга тайёрлигини билдирди.

«Туркманистон „Туркманбоши“ халқаро денгиз портининг инфратузилмасидан „Ўзбекистон-Туркманистон-Каспий денгизи“ маршрути бўйича Қора денгиз портлари орқали Европага чиқиш мақсадида мультимодал транспорт коридорини тўлиқ йўлга қўйиш учун фойдаланишга беришга тайёр», — деди Гурбангули Бердимуҳамедов.

Туркманистон президентининг маълум қилишича, ташриф давомида мамлакат 300 млн доллардан ортиқ қийматга эга ўзбек товарларини сотиб олиш бўйича шартномаларни имзолаш бўйича таклифни тақдим этган.

Президентларнинг қўшма баёноти


Тошкентдаги Марказий Осиё халқаро институти музокаралар натижаси бўйича Ўзбекистон ва Туркманистон президентларининг қўшма баёнотини эълон қилди.

Туркман томони 2021 йил 24 октябрда ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон президенти сайловлари асносида электорал жараённинг боришини юқори баҳолади ҳамда бўлажак сайловлар «юқори демократик стандартлар асосида ўтишига ва Ўзбекистон фуқароларининг ўсиб бораётган сиёсий онги ва жамоатчилик фаоллиги даражасини яққол намойиш этишига» ишонч билдирди.

Давлат раҳбарлари яқин келажакда товар айирбошлаш ҳажмини йилига 1 млрд АҚШ долларга мувозанатли равишда ошириш мақсадида ўзаро савдони диверсификация қилиш, унинг номенклатурасини ҳар икки мамлакат бозорида талабгир бўлган юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ёрдамида кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар.

Икки мамлакат ҳудудидан ўтувчи халқаро транспорт маршрутларининг рақобатбардошлиги ва жозибадорлигини ошириш мақсадида томонлар тарифларни янада оптималлаштириш ва ташқи савдо юкларини транзит ташишда қулай шароитлар тақдим этишга қаратилган тизимли ўзаро фойдали ҳамкорликни давом эттиришга тайёрликларини яна бир бор тасдиқладилар.

Томонлар икки мамлакат шаҳарлари ўртасида автобус ва авиаташувларни ривожлантириш Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида юк, йўловчи ва туристлар оқимларини оширишга хизмат қилишини таъкидладилар.

Президентлар «Туркманбоши» халқаро денгиз порти ва «Осиё-Тинч океани мамлакатлари — Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон — Туркманистон — Озарбайжон — Грузия — Европа» халқаро мультимодал маршрутининг мавжуд юқори салоҳиятини тўлиқ ишга солиш зарурлигини таъкидладилар.

Туркманистон ўзбек томонининг БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш Минтақавий марказини очиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистон туркман томонининг БМТ шафелигида Минтақалараро транспорт қатновини ривожлантириш бўйича Махсус дастурни яратиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Давлат раҳбарлари ўзбек-туркман Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича Қўшма комиссия ишини юқори баҳоладилар.

Давлат раҳбарлари Марказий Осиёнинг трансчегаравий дарёларидаги сув ресурслари «минтақа халқларининг умумий бойлиги эканлигини, минтақада истиқомат қилувчи ўнлаб миллион одамлар ва келажак авлодлар тақдири, бутун минтақанинг барқарорлиги ва фаровонлиги ушбу ресурслардан адолатли ва оқилона фойдаланишга боғлиқлигини» қайд этдилар.

Томонлар Оролни қутқариш халқаро жамғармасини (ОҚХЖ) Орол денгизи фалокати таъсирига учраган ҳудудларни экологик соғломлаштиришга қаратилган экологик ва илмий-техник лойиҳалар ва дастурларни амалга оширишда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик учун универсал платформа сифатида қарайдилар.

Давлат раҳбарлари манфаатдор вазирлик ва идораларга 2022 йилда ўзаро Ўзбекистон ва Туркманистон маданият ва кино кунларини ташкил қилишни топширдилар.

Томонлар ядровий қуролни тарқатмаслик режимини ҳар томонлама таъминлашда БМТ саъй-ҳаракатларига кўмаклашиш мақсадида Марказий Осиёда ядро қуролидан ҳоли худуд тўғрисидаги шартнома доирасида хамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдиришди.

Олдинроқ «Газета.uz» Туркманистон президентининг Тошкентга ташрифи доирасида 23 та ҳужжат имзоланганлигини, шу жумладан транспорт, транзит ташишлари, сув тежаш технологиялари, адлия ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида келишувларга эришилганлиги ҳақида хабар берган эди.