29 сентябрь куни соат 17:00 ларда, Наманган шаҳар Яккасада МФЙ ҳудудида ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақида вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Янгиқўрғон туманида яшовчи, фуқаро (1987 й.т.) ўзи ишловчи МЧЖга тегишли Isuzu русумли юк автомашинасини бошқараётиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай, йўл четида турган, Чортоқ туманида ота-онаси қарамоғида яшаган (2015 й.т.) болани уриб юборган.

Натижада, пиёда олган тан жароҳати оқибатида воқеа жойида вафот этган.

Ушбу ҳолат бўйича Наманган шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан 29 сентябрь куни ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.

Маълумот учун, «Газета.uz» сентябрь ойида Наманганда Nexia йўлни кесиб ўтаётган аёлни уриб юборгани, бошқа бир ЙТҲ оқибатида 3-синф ўқувчиси вафот этгани, кейинроқ яна бир ЙТҲ оқибатида пиёда ва унинг 2 ёшли набираси вафот этгани ҳақида ёзган эди.