2 октябрь куни тахминан 15:00 да Тошкентнинг Янгиҳаёт туманида Чинор ва Полвонёр кўчалари чорраҳасида ўлим билан якунланган йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар қилди.

Тошкент вилоятилик Абдуворис К. (2001 йилда туғилган) ишончнома асосида Damas автомобилини (давлат рақами 01894 ЕНА) бошқарар экан, йўл четида турган тўрт ўқувчини уриб юборади. Сўнгра Тимур М. (1989) бошқарувидаги Nexia билан тўқнашади. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳайдовчи бошқарувни йўқотган (тезликни жуда ошириб юборган).

ЙТҲ натижасида уч пиёда — ўрта мактабнинг 10-синф ўқувчилари — Глеб К. (2005), Сармат М. (2005) ва Темур Х. (2006) — оғир тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган. Иккала машинанинг ҳайдовчилари ҳам тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Яна бир пиёда, 10-синф ўқувчиси Артём Игумнов (2004 й.т.) тўқнашув натижасида тан жароҳатлари олиб, тиббиёт муассасасига олиб кетиш йўлида вафот этди.

Фото: Оксана Дондукова / Facebook.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноят (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлса) аломатлари билан жиноий иш қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида содир этилаётган ЙТҲларнинг ҳар бешинчиси Damas автомобиллари иштирокида бўлаётгани ҳақида хабар қилинган эди. Статистик маълумотларга кўра, Damas русумли автоуловларни аксарият 20−30 ёшлардаги фуқаролар бошқаради.