Келгуси йилдан хориждан ўқишни кўчиришда ўтиш бали жорий йилги кириш баллари билан бир хил бўлади. Бу ҳақда олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов «Халқаро пресс-клуб»да маълум қилди.

«Келаси ўқув йилидан, биз ҳозирдан ҳужжатларни имзолаймиз, ўтиш бали қанча бўлган бўлса, хориждан ўқишини кўчириб келадиганларга шу баллни қўямиз. Мен буни ҳозирдан айтяпман. Шунинг учун фарзандини хорижда ўқитаётганлар яхши ният билан ўқитиши керак. ТОП-1000 таликка кирадиган ОТМларга, нуфузли ОТМларда ўқитиб, у ердан диплом олиш керак, бу биринчи масала», — деди вазир.

«Бу йил тестга кириб чиққанларнинг орасида нима муаммо чиқяпти? У ўтган йили ҳеч қанақа талаба бўлмаган. Бу йил „1-курсни тугатди“, деган ҳужжат беряпти ва у ҳужжат билан онлайн ҳужжат топшириб, айтайлик 66,1 баллдан юқори оляпти», — дея қўшимча қилади у.

Абдуқодир Тошқуловнинг сўзларига кўра, мазкур ҳолатда адолат бузиляпти.

«Унинг синфдоши 120 балл билан ўтолмаяпти, у эса ўтган йили ўқимасдан, 66,1 балл тўплаб 2-курсдан ўқияпти. Ҳалиги дўсти кирган бўлса ҳам, табақалаштирилган контракт тўлаяпти», — дея таъкидлади у.

Вазирнинг қўшимча қилишича, хориждан ўқишни кўчиришда имтиҳонлар Давлат тест марказида ўтказилди.

«Келаси йили ўзининг йўналишида, масалан, юридикда бир йил олдин 160 балл бўлган бўлса, келаси йили шу баллни тўплаши керак бўлади. Бу кимнидир кўкрагидан итариш эмас, алданмаслик керак», — деди олий ва ўрта махсус таълим вазири.

Унинг сўзларига кўра, олий таълимда қабул квоталари сони ҳар йили 50−60 мингтага кўпайиб боряпти. Ўз навбатида, хориждан ўқишни кўчирмоқчи бўлганлар сони ҳам ортиб бормоқда. Хусусан, жорий йилда улар сони 98 минг нафарни ташкил этди. Улардан 95 минг нафари тестга киришган.

«Эътибор берилса, Қирғизистондан 45 минг, Қозоғистондан 25 минг, Тожикистондан 14 минг ва бошқа давлатлардан келишди. Шуларнинг 30%и бизга ўқишга келди. Паст балл бўлганида ҳали. Яъни қарийб 27 мингга яқин талабалар бизнинг ОТМларга қўшилишди. Биласизми, бу бирозгина юк. Қабул шундоқ ҳам кўп, 30 минг талаба қўшиляпти, унга ётоқхона, унга ўқув корпуси, унга ўқитувчи керак. Шунинг учун биз кечки ва сиртқига ўтказишга мажбур бўляпмиз», — деди вазир.

Абдуқодир Тошқулов ички ўқишни кўчиришлар хусусида ҳам тўхталиб ўтди.

«Бу йил давлат ва нодавлат ОТМларда ички ўқишни кўчиришга 60 мингдан кўп онлайн ҳужжат топширилди. Агар иккаласини қўшсак, бу йилги квота билан тенг. Бу йил 170 минг квота берилган бўлса, 160 минг кўчиришга аризалар топшириляпти. Бу бир одат тусига кириб қолди», — деди у.

Вазир «академ мобиллик» тушунчасига изоҳ бериб ўтди.

«Масалан абитуриент Самарқанд давлат университетига кирдими, бир ўқув йили ёки бир семестр Тошкентга келиб ўқиши мумкин, лекин дипломни барибир Самарқанддан олади. Бориб ўша ерни битиради. Бизда 5 та таълим йўналишини танлаш ҳисобига масалан сурхондарёлик абитуриент Қорақалпоғистонга ўқишга кирди ёки Тошкент вилоятилик Хоразмга ўқишга кирди… Уларда муаммо йўқ», — дея таъкидлади вазир.

Абдуқодир Тошқуловнинг таъкидлашича, 25 минг талаба ўз ҳудудига ўқишини кўчириб келган.

«Қолганлар қолди. Чунки асос йўқ, узрли сабаб йўқ. Келаси ўқув йилида ўқишни кўчириш тартиблари ҳам ўйлаб кўрилади. Ҳозирдан ишлаймиз. Нимага? Тошкент шаҳрига ўқишини кўчириш учун сохта прописка, сохта рўйхатдан ўтказишлар салмоғи жуда ҳам кўпайиб кетди. Яъни эгри йўлни излаш. Мақсад Тошкентга келиб ўқиш. Келаси ўқув йилидан ички ўқишни кўчириш ҳам оптималлашади», — дейди у.