Ўзбекистонда 30 сентябрь ҳолатига кўра, эмланиши кўзда тутилган аҳолининг 53,6 фоизи коронавирусга қарши биринчи доза вакциналарини олиб бўлди, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

ССВ маълумотларига кўра, эмланиши кўзда тутилган 18 ёшдан юқори бўлган аҳоли сони қарийб 21,5 миллион нафарни ташкил этади. Вакцинация жараёни бошланганидан бери ўтган олти ой мобайнида жами 11 миллион 491 минг 111 нафар аҳоли биринчи доза вакциналари билан эмланган.

Хабарда айтилишича, олти ой давомида 4 миллион 539 минг 621 нафар фуқаро коронавирусга қарши барча босчиқларда эмлаб бўлинган. Шундай қилиб, мамлакатда эмланиши режалаштирилган аҳолининг 21,2 фоизи тўлиқ эмланди.

Қайд этилишича, тўлиқ эмланган аҳолининг 534 минг нафардан зиёдини 65 ёшдан ошганлар, 478 минг нафардан ортиғини эса сурункали касаллиги бор фуқаролар ташкил этади.

Ярим йил давомида Ўзбекистонда эмлаш жараёнларида 5 турдаги жами 20 миллион 781 минг 994 доза вакцина қўлланилган бўлса, шундан 78 фоизи ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси.

Шу пайтга қадар Ўзбекистонга 20 миллион 499 минг 668 доза ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси келтирилган бўлиб, жами қўлланилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси 16 миллион 120 минг 621 дозага етган.

Айни пайтда ўзбек-хитой вакцинаси билан тўлиқ эмланган аҳоли сони 2,6 миллион нафардан зиёдни ташкил этади.

Аввалроқ Ўзбекистонда ZF-UZ-VAC2001 вакцинасини юртимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилганлиги ҳақида хабар берилган эди.

ССВ матбуот хизмати тақдим этган умумий эмлаш статистикасига кўра, Фарғона, Наманган ҳамда Андижон вилоятлари эмлаш жараёнларини ташкил этиш ва аҳоли қамрови бўйича етакчилик қилмоқда.

Хусусан, ўтган олти ойда умумий қўлланган дозалар бўйича Фарғона вилояти 2 миллион 277 минг 731 доза вакцина билан энг юқори ўринда эканлиги қайд этилган. Шунингдек, Фарғона вилоятида 560 минг 658 нафар фуқаро тўлиқ эмланган бўлиб, коронавирусга қарши тўлиқ вакцина олган жами аҳолининг энг катта қисмини — 23,2 фоизини ташкил қилади.

Эмлашга жалб этилган аҳоли қамрови бўйича Андижон вилояти етакчилик қилмоқда. Шу кунгача вилоятда эмланиши кўзда тутилган аҳолининг 66,7 фоизи (1 миллион 322 минг 691 нафар) биринчи доза билан эмланган.

Кам сонли аҳолига эга бўлган Навоий вилоятида эса вакцинация қамрови 80,7 фоизга етган.

Маълумот учун, 28 сентябрдан Ўзбекистонда ота-оналар ва васийларининг розилиги асосида, ихтиёрий равишда 12 ёшдан катта болаларни Pfizer вакцинаси билан эмлаш йўлга қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳукумати 1 ноябрга қадар аҳолининг 70 фоизини эмлашни режалаштирган.