Грузиянинг собиқ президенти Михаила Саакашвили ушланди ва қамоққа олинди. Бу ҳақда РИА Новости Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвилига таяниб хабар қилди.

«Ҳуқуқни муҳофаза қилувчиларимизда унинг Украинадан бошлаб Грузияга қадар ҳаракатланиши ҳақида дастлабки маълумот бор эди», — дея маълум қилди ҳукумат раҳбари.

TV Pirveli телеканали маълумотларига кўра, сиёсатчини Тбилисидаги уйлардан бирида қўлга олишган. Ҳозирда Михаил Саакашвили Тбилисидан бир неча ўн километр масофадаги Рустави шаҳридаги қамоқхонада.

Ҳибсга олишдан олдин собиқ президент ўз Facebook саҳифасида ушлашларига йўл қўйиб бергани акс этган видеоёзувни эълон қилди ва 2 октябрда Грузияда бўлиб ўтадиган муниципал сайловларда иштирок этишга чақирди. «Овоз беринг, учинчи куни ҳаммамиз биргаликда ғалабани нишонлаймиз. Мен сизга ёрдам бериш учун келдим, бошқа иложимиз йўқ эди. Мен ҳеч нарсадан қўрқмайман ва сизни ҳам қўрқмасликка чақираман», — деб ёзди Саакашвили.

Михаил Саакашвили 2004 йилдан 2013 йилгача Грузия президенти бўлган ва ўз ваколат муддати тугашидан бироз олдин мамлакатни тарк этган. Шундан сўнг унга нисбатан тўртта жиноий иш қўзғатилган, улардан иккитасига суд ҳукми чиқарилган. 2018 йилда банкир Сандро Гиргвлианининг ўлдирилиши ва депутат Валерий Гелашвилининг калтакланиши бўйича Саакашвили сиртдан суд қилинди. Биринчисида у уч йилга, иккинчисида олти йилга озодликдан маҳрум этилди.

2020 йилдан бери Михаил Саакашвили Украина ислоҳотлар қўмитасини бошқариб келмоқда; бир йил олдин президент Владимир Зеленский унга Украина фуқаролигини қайтариб берди. Зеленскийнинг матбуот котиби Сергей Никифоров мамлакат раҳбари «Грузияда эшитиладиган бундай янгиликлар ва баёнотлар оҳангидан» хавотирда эканини қайд этиб, консуллар Саакашвилига «барча керакли ёрдам»ни кўрсатишга ҳаракат қилаётганини қўшимча қилди.