Ижтимоий тармоқларда Тошкентда фуқаролар ва йўл-патрул хизмати инспекторлари ўртасида содир бўлган можаро акс этган видеоёзув тарқатилди. Шаҳар ИИББ 30 сентябрь куни Чилонзор туманида содир бўлган воқеага изоҳ берди.

Бошқарма маълумотларига кўра, 30 сентябрь куни тахминан соат 23:00 да Чилонзор тумани Бунёдкор шоҳ кўчасида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ ходимлари хизмат давомида қидирувда бўлган (кўплаб тўланмаган жарималари туфайли қидирувга берилган) Nexia-2 автомобилини кўриб қолиб, унга жезл ва ҳуштак ёрдамида тўхташ ҳақида ишора беришади. Аммо ҳайдовчи (1997 йилда туғилган) Темур Ч. (шахси кейинроқ аниқланди) ходимнинг қонуний талабига бўйсинмасдан ҳаракатни давом эттиради.

Ҳолат ҳақида маълумот рация орқали бошқа ходимларга етказилади. Шу билан бирга майор Р. Исмоилов ва катта сержант А. Исмаилов Lacetti хизмат автомобилида қоидабузар ортидан йўлга чиқишади. Ҳайдовчи ЙПХ инспекторининг тўхташ ҳақидаги ишорасига бўйсунмасдан, ҳаракатни давом эттиргани сабабли, уни мажбуран тўхтатишга қарор қилинади.

Бунёдкор ва Қатортол кўчалари кесишмасида ИИО ходимлари томонидан амалга оширилган манёвр натижасида ҳайдовчи патрул машинасининг орқа қанотига шикаст етказган ҳолда тўхтатилди. Бироқ инспектор машинадан тушаётганда ҳайдовчи яна ҳаракатни бошлаб, майор Р. Исмоиловни уриб юборди. У ҳодиса жойидан яширинишга уринар экан, йўл ҳаракати қоидаларини бир неча марта бузиб, яна бир пиёдани ҳам уриб юборади.

«Тез орада Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари қоидабузар ҳайдовчини тўхтатишди ва бошқа оғирроқ йўл транспорт ҳодисасининг олди олинди», — дейилади хабарда.

Тўхтатилган автомобилнинг йўловчилари бўлган бир нечта аёллар чиқиб ЙПХ инспекторлари билан жанжал кўтаришган.

Ҳайдовчи 24 ёшли Темур Ч. ва унинг йўловчилари — Қашқадарё вилоятилик 21 ёшли Шаҳзода Ч., 39 ёшли Райҳон М., 44 ёшли Барногул М. ва 45 ёшли Боғдагул М. Чилонзор тумани ИИИО ФМБга етказилдилар.

Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди («Безорилик») билан жиноят иши қўзғатилди.