Тошкентда автоблогер Бобур Ғаниев қўлга олинди, дея хабар қилди пойтахт ИИББ матбуот хизмати.

Бошқарма маълумотларига кўра, 30 сентябрь куни 23:30 лар атрофида «Хавфсиз пойтахт» профилактика акцияси вақтида Учтепа туманидаги «Фарҳод» бозори яқинида ЙҲХБ инспекторлари Epica автомобилини тўхтатади. Машинани тармоқларда «Блогер Аброр» сифатида машҳур бўлган Аброр Козубаев бошқараётган, йўловчи ўриндиғида эса автоблогер Бобур Ғаниев бўлган.

Тошкент ИИББнинг маълум қилишича, ҳайдовчининг ҳужжатлари текширилаётган вақтда Бобур Ғаниев ЙҲХБ инспекторларини ҳақорат қилган ва жанжал кўтарган.

«У ИИО ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, жамоат тартибини бузган. Шундан сўнг транспорт воситасининг ҳайдовчиси А.Козубаев, йўловчилари Б.Ганиев ва О.Салимовлар Учтепа тумани ИИО ФМБга олиб борилган. Ҳолат юзасидан ҳужжатларни расмийлаштириш ва текширув ўтказиш жараёнида Б.Ганиевнинг шахсий уяли телефон аппаратида порнографик мазмундаги қонунда тақиқланган видеоматериаллар ва фотосуратлар борлиги аниқланган», — дейилади хабарда.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда, натижаси бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун судга тақдим этилади.

ИИББ ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона ўрганилишига тўсқинлик қилиш мақсадида турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказишга уриниш жиноий жавобгарликни келтириб чиқаришини эслатиб ўтди.

Бу Бобур Ғаниев ва ЙҲХБ ходимлари ўртасида юзага келган биринчи можаро эмас. Унинг YouTube-каналида (130 минг обуначиси бор) у ва бошқа ҳайдовчиларнинг ЙҲХБ ходимлари билан Йўл ҳаракати қоидалари борасида баҳслашгани акс этган юзлаб видеолар мавжуд.