Тошкент ҳокимлиги Франциянинг Veolia компанияси билан 30 йил муддатга шаҳарнинг марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини эксплуатация қилиш, техник хизмат кўрсатиш ва бошқариш учун концессия шартномасини имзолади. Ҳужжатни имзолаш маросими 29 сентябрь куни Тошкент иқтисодий форумида бўлиб ўтди, дея хабар қилди Ўзбекистон Молия вазирлиги матбуот хизмати.

Мамлакатдаги энг йирик иссиқлик тармоғи 1,2 млнга яқин аҳолини ёки шаҳар аҳолисининг деярли ярмини иссиқлик ва иссиқ сув билан таъминлайди. Тизимга 3 та йирик газли иситиш мосламаси, 200 дан ортиқ маҳаллий қозонхоналар ва 1926 км, шундан 73 фоизи ер остида бўлган қувурлар киради.

Veolia 30 йил давомида давлат-хусусий шериклик шартномаси асосида қуйидагилар билан шуғулланади:

  • марказлаштирилган иситиш ва иссиқ сув таъминоти тизимларини эксплуатация қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш;
  • қандай сармоялар кераклигини аниқлаш учун марказий иситиш тизими ва иссиқ сув иншоотларини баҳолаш;
  • операцион активлар дастурларини молиялаштириш;
  • Лойиҳаларни бошқариш.

Икки йил давомида пойтахтнинг Бектемир ва Сергели туманларида иситиш тизимини модернизация қилиш бўйича синов лойиҳаси амалга оширилади. Синов лойиҳаси якунлангач, «бутун шаҳарни модернизация қилиш бўйича улкан дастур ишга туширилади», — дейилади Молия вазирлиги хабарида.

2020 йилда Veolia компаниялар гуруҳи 95 млн кишига ичимлик суви, 62 млн кишига санитария хизматларини кўрсатди. Компания корхоналари қарийб 43 млн мегаватт-соат электр энергияси ишлаб чиқарган, 47 млн тонна чиқиндиларни қайта ишлаган. Ўтган йили компания 26 млрд евролик даромад ҳақида хабар берган эди.

«Газета.uz» Veolia билан тузилган ав Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган келишув тафсилотлари, ҳокимият лойиҳадан нималарни кутаётгани ҳақида тўлиқ ёзган эди. Хусусан, тарифлар иситиш тизимини модернизация ва реконструкция қилиш харажатларини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилиши ва ҳар йили 1 майгача шаҳар кенгаши томонидан тасдиқланиши айтилди. Пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида етказилган зарар маҳаллий бюджетдан субсидиялар ҳисобидан қопланиши режалаштирилмоқда.