Монополияга қарши курашиш қўмитаси UzAuto Motors шартномаларидаги қўшимча тўловлар тўғрисидаги бандни ўрганади. Бу ҳақда 29 сентябрь куни Ўзбекистон иқтисодий форумида қўмита раҳбари Шохруҳ Шораҳмедов «Газета.uz»га маълум қилди.

Фото: Kurbanoff.net

28 сентябрь куни Kurbanoff.net Telegram-канал муаллифи UzAuto Motors шартномаларида яна қўшимча опцияларнинг киритилиши билан боғлиқ равишда нарх ўзгарганида, қўшимча тўловлар тўғрисидаги банд пайдо бўлганини маълум қилди.

«85 фоизини тўлайсан ва гиламча, яна шунга ўхшаш бир неча миллион сўмлик қўшимча опциялар ўйлаб топишмасин деб дуо қилиб ўтирасан. Ох бу монополистлар», — дея қайд этган у.

«Ўзавтосаноат» матбуот хизмати «Газета.uz»га ушбу банд киритилганини тасдиқлади ва автомобиль сотиб олинаётганда унинг опцияларида фарқ бўлса, қўшимча тўлов амалга оширилишини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил ноябрь ойи охирида Антимонополия қўмитаси UzAuto Motors шартномаларидаги автомобиллар нархи ўзгарган тақдирда, қўшимча ҳақ тўлаш тўғрисидаги банд чиқариб ташланиши ҳақида хабар берган эди.

«Муносабат бўлади… Мен бу ишни тўғри деб ўйламайман. Биз, албатта, буни тўғрилашимиз керак», — дея таъкидлади Шохруҳ Шораҳмедов «Газета.uz» билан суҳбатда.

Бундан олдин 2020 йил 30 октябрь куни Тошкент шаҳар маъмурий суди UzAuto Motors АЖнинг Монополияга қарши курашиш қўмитаси қарорини ҳақиқий эмас деб топган эди. Шунингдек, қўмита UzAuto Motors иши бўйича суд қарори устидан апелляция берганди. Аммо апелляция суд томонидан қаноатлантирилмаганди.