Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси Тошкентда Ўзбек миллий мақом санъати маркази қурилиётган ҳудудда рейд ўтказилди. Рейдда Экология қўмитаси раиси Исломбек Боқижонов, шаҳар экология бошқармаси ва бошқа тузилмалар вакиллари иштирок этдилар.

Қурилиш Шайхонтоҳур тумани Олмазор кўчасидаги Ўзбекистон давлат консерваторияси маъмурий биноси ва «Пахтакор» стадиони ўртасида, Мустақиллик майдонидан тахминан ярим километр масофадаги ҳудудда (харита) амалга оширилмоқда.

Тезкор ўрганиш жараёнида қурилиш ишларини олиб бораётган «Kosonsoy Bunyod Qurilish» МЧЖ томонидан мазкур ҳудуд тегишли рухсатномасиз ўраб олинганлиги, бетон қориш қурилмаси экспертиза хулосасисиз жойлаштирилганлиги, яшнаб турган жойда қўй ва товуқлар боқилаётгани маълум бўлди.

Экология қўмитаси маълумотларига кўра, ўраб олинган ҳудудда жами 483 та дарахт бўлиб, шундан 58 таси қуриганлиги аниқланган.

Қурилиш учун ажратилган ер майдонида ўсимлик дунёсига, аниқроғи 4 та дарахтга етказилган зарар миқдори қарийб 7 миллион сўм миқдорида ҳисобланди. Маданият вазирлигига қарашли ҳудудда эса етказилган зарар (58 та дарахт) миқдори эса салкам 243 миллион сўмдан иборат. Жами 62 туп ҳар хил турдаги манзарали ва мевали дарахтларга зиён келтирилган бўлса, шундан 6 таси кесиб ташланган.

Шунингдек, қурувчилар амалдаги талабларни бузган ҳолда қурилиш ҳудудида бетон қориш қурилмасини ўрнатишган.

Ўрганиш жараёнида енгил конструкцияли девор олиб ташланди, 78 нафар ходим ва 7 та махсус техника ҳамда механизмлар жалб қилиниб, ҳудуд чиқиндилардан тўлиқ тозаланди.

Ҳудудни суғориш тизимини жорий таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Кечки пайт фуқаролар ҳордиқ чиқаришларига шароит яратиш мақсадида тунги ёритиш тизимини қайта тиклаш, йўлаклар бўйлаб ўриндиқлар ўрнатиш юзасидан мутасаддиларга кўрсатма берилди.