Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийларни 1 октябрда нишонланадиган касб байрами билан табриклади.

«Сизлар дунёдаги энг бебаҳо бойлик ва боқий меросни яратиш, уни халқимизга, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга безавол етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган улуғ инсонларсиз. Бу улкан бойлик — ақл-заковат ва илм, бу ўлмас мерос — яхши тарбиядир», — дейилади табрикда.

«Мамлакатимизда сўнгги йилларда илм-фан ва таълим-тарбия соҳасини давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантиришга қаратилган, оилада фарзанд туғилганидан бошлаб, камолот ёшига етгунга қадар уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топишига хизмат қиладиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилмоқда», — дея қайд этди давлат раҳбари.

«Таълим соҳасининг яна бир муҳим вазифаси — фаол фуқаролик позициясига эга бўлган, Ватан ва халқ манфаатларини қатъий ҳимоя қила оладиган, замонавий, кенг фикрлайдиган ёшлар авлодини шакллантиришдан иборат», — дея маълум қилди Шавкат Мирзиёе. Унинг фикрича, шу сабабли «Узлуксиз таълим тизимида ижтимоий фанларни ўқитиш тартиби ва тамойиллари концепцияси»ни ишлаб чиқиш ва уни амалиётга жорий этиш объектив заруратга айланмоқда.

«Жамиятимизда боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, олийгоҳларнинг профессор-ўқитувчилари ва илмий-ижодий зиёлиларни бугун биз интилаётган Учинчи Ренессанснинг тўрт таянч устуни деб эътироф этмоқдамиз», — дея қайд этди президент. У ўқитувчи ва мураббийларнинг ҳурмат-эътиборини ошириш, хусусан, муаллим ва устозларнинг қадри, шаъни ва ғурурини тиклаш, машаққатли ва шарафли меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш бўйича бошлаган ишларни янги поғонага кўтаришга ваъда берди.

Чоршанба куни президент Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.