Олий Мажлис Сенатининг 19-ялпи мажлиси иккинчи кунида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси маъқулланди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳужжат билан профилактика (катта) инспекторлари фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини кучайтириш, уларга бириктирилган ҳудудда жиноятлар сонини камайтириш, уларнинг олдини олиш ва бартараф этиш чора-тадбирларини амалга ошириши учун ваколатлари кенгайтирилмоқда.

Ҳужжат «Маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ярашув институти»ни жорий этиш орқали маъмурий иш иштирокчиларининг ярашилганлиги муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилиш бўйича янги нормалар билан тўлдирилмоқда.

Маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ваколати альтернатив орган сифатида профилактика (катта) инспекторларига берилиши натижасида ҳуқуқбузарлик содир этилган жойдан узоқ масофада жойлашган бошқа ваколатли органлар ёки судларга боришини истисно этган ҳолда фуқароларнинг ортиқча харажат қилиши ва сарсон бўлишининг олдини олишга хизмат қилади, дейилади Сенат хабарида.

Бундан ташқари, божхона қонунчилигини бузиш билан боғлиқ бўлган айрим маъмурий ҳуқуқбузарликларни Давлат божхона қўмитасида мавжуд автоматлаштирилган ахборот тизимлари ёрдамида қайд қилиш, инсон омилини камайтириш ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларини соддалаштирилган ҳолда кўриб чиқиш тартиби жорий этилиб, улар билан боғлиқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 2 та модда билан тўлдирилмоқда ҳамда унинг 9 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди ва президент имзолаганидан сўнг кучга киради.

Февралда Шавкат Мирзиёев «Тошкентдаги туман ИИБ ходимларида тезкор гуруҳлар бўлиши керак», дея таъкидлаган эди. У тажриба сифатида ИТ -мутахассисларини пойтахт туманларидан бирининг профилактика инспекторларига бириктиришни топширди.

Аввалроқ, Қонунчилик палатаси профилактика инспекторларига электр энергияси, иссиқлик энергияси ва газдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жарима солиш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги қонун лойиҳасини рад этгани ҳақида ёзган эдик.