Молдованинг «Шериф» клуби таркибида тўп сураётган ўзбекистонлик футболчи Жасурбек Яхшибоев Европа чемпионлар лигаси доирасида «Реал Мадрид» дарвозасига гол урди.

«Сантьяго Бернабеу» стадионида бўлиб ўтган ўйиннинг 25-дақиқасида жамоадошининг чап қанотдан узатган тўпини Яхшибоев боши билан мадридликлар дарвозасига йўллади ва ҳисобни очди.

32-дақиқада Яхшибоевда яна бир яхши имконият юзага келди, бироқ унинг жарима майдончаси ташқарисидан йўллаган зарбасига бироз аниқлик етишмади. Ўйиннинг 57-дақиқасида Жасурбек Яхшибоев алмаштирилди.

65-дақиқада қироллик клуби ҳужумчиси Карим Бензема пенальтидан ҳисобни тенглаштирди.

Ўйиннинг охирида, 89-дақиқада «Шериф» ярим ҳимоячиси Себастьян Тилль гол уриб, молдовалик клубга мусобақадаги иккинчи ғалабани нақд қилди. Ўйин 1:2 Жасурбек Яхшибоев жамоасининг ғалабаси билан якунланди.

Чемпионлар лигаси «Д» гуруҳидан ўрин олган «Шериф» икки ўйиндан кейин 6 очко билан ҳозирда ўз гуруҳида пешқадамлик қилмоқда. Мадридликлардан ташқари, Яхшибоев клуби билан бир гуруҳда Украинанинг «Шахтёр Донецк» ва Италиянинг «Интер» жамоалари ҳам бор.

ЎФА матбуот котиби Даврон Файзиевнинг ёзишича, футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец 24 ёшли ҳужумчини октябрдаги йиғинга чақирган.

Маълумот учун, Жасурбек Яхшибоев 30 август куни «Шериф» клуби сафига ижара асосида «Легия Варшава» клубидан келиб қўшилган эди.

Видео

Фото