Ўзбекистон президенти, ЎзЛиДеП партиясидан давлат раҳбарлигига номзод Шавкат Мирзиёев Наманган ва Фарғона вилоятларига ташриф буюргандан сўнг Андижонга келди. Чоршанба куни у Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида сайловчилар билан учрашмоқда, дея хабар берди партия матбуот хизмати.

«5 йилда нималарга эришдик, деган савол ҳаммамизни ўйлантиради», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Мен ҳам инсонман, президентлик бир лавозим, мақсадим халқимга, Ўзбекистон, Андижон халқига хизмат қилиш. Мен ҳам қишлоқ фарзандиман, оддий уйларни, чанг кўчаларни умуман унутмайман. Умримнинг 45 йили Тошкентда ўтди. Мен ёшларга қарата айтмоқчиман — ҳаёт курашлардан иборат», — дея қўшимча қилди президент.

«Агар адолатли ҳакам бўлса, биз 5 йилда нималарга эришдик деган савол қўйилса, эркин, қўрқувсиз яшашга деб жавоб берилади», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Андижон вилояти ҳақида гапирганда у қуйидагиларни айтиб ўтди: «Андижон тўғрисида кўп гапириш мумкин, лекин энг лўнда гап шуки, Ўзбекистоннинг 1 фоиз ерида 10 фоиз аҳолиси яшайди. Бундай яшаш жасорат, қаҳрамонлик. Андижонликлар билан бамаслаҳат уларга керакли шароитни яратиб бериш учун келганмиз».