Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбоева парламент юқори палатасининг 19-ялпи мажлисида маҳаллий бюджетларда шакллантирилган қўшимча манбаларни сарфлашдаги камчиликлар ҳақида айтиб ўтди.

«Ушбу маблағларни ишлатишда маҳаллий Кенгашлар ҳал қилувчи вазифани бажаради. Бироқ улар бунга талаб даражасида қарамаяпти. Биргина Қашқадарё вилоятининг Ғузор, Миришкор, Касби, Чироқчи туманлари ва Қарши шаҳрида маҳаллий Кенгашларда муҳокама қилинмасдан, депутатларнинг рухсатисиз 10 млрд сўмга яқин маблағ ишлатиб юборилган», — дея таъкидлади Сенат раиси.

Унинг сўзларига кўра, бундай мисолларни бошқа вилоятларда ҳам келтириш мумкин ва бундай муаммоларни бартараф этиш учун маҳаллий кенгашлар ўзларига ишониб топширилган ваколатлардан фойдаланиши ва талабчанлигини ошириши керак.

«Шу жиҳатдан, маҳаллий Кенгашлар вакиллари, айниқса, бюджет бўйича доимий комиссия аъзолари, шу жумладан, котибиятлар бу борада масъулиятни оширишлари лозим», — дея қўшимча қилди Танзила Нарбаева.

Парламент юқори палатаси ахборот хизмати хабарига кўра, мажлис давомида Қашқадарё вилояти ҳокимининг ҳисоботи сенаторлар томонидан вилоятда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда муаммо ва камчиликлар муҳокама қилинди.

Унга кўра, вилоятдаги умумтаълим мактаблари учун республика «Transport va logistika xizmati» ДУК томонидан дарсликларнинг 46 фоизи етказиб берилган. Ушбу дарсликлар жамланмасининг 24 фоизи тўлиқ бўлмаганлиги боис омборхонада сақланаётгани ва бунинг оқибатида ўқувчилар ўқув йилини китобсиз бошлагани айтиб ўтилди.

Шунингдек, 2021 йилги Инвестиция дастури доирасида вилоятдаги 93 та умумтаълим мактабини жиҳозлаш белгиланган. Шундан 36 та мактабга мебель ва жиҳозлар қисман етказиб берилган, қолган 57 та мактабга эса умуман етказиб берилмаган.

Қайд этилишича, вилоят ҳудудидаги Нишон, Яккабоғ, Ғузор, Миришкор, Муборак, Шаҳрисабз туманлари ва Шаҳрисабз шаҳрида ташкил этилган 10 та кичик саноат зонасини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш бўйича ишлар амалда бошланмаган.

Муҳокама сўнггида вилоятдаги муаммо камчиликларни бартараф этиш бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди ва ижроси юзасидан сенаторлик назоратини йўлга қўйиш белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Танзила Нарбаева ижро органи ҳеч қачон ўз айбини ўзи айтмаслигини таъкидлаганди.